Украина уруш бошлангандан бери Херсондаги рус аскарларига энг йирик ҳаво ҳужумини уюштирди

Олам 15115
image
-

Украина ҳарбий ҳаво кучлари Херсон вилоятидаги рус босқинчиларига уруш бошлангандан бери энг йирик зарбани берди. Бу ҳақда Украина Президенти девони раҳбари маслаҳатчиси Алексей Арестович “Фейгин Live” дастурига берган интервьюсида айтиб ўтди.

“Бугун Херсон вилоятида ажойиб воқеалар юз берди. Зарбалар зичлиги нуқтаи назаридан, бизнинг авиациямиз бутун урушда кўрмаган натижамизни кўрсатди. Бир вақтнинг ўзида бир рейдда тахминан 8-10 самолёт қатнашди ва рейдлар битта бўлмади. Хабардор одамларнинг айтишича, Россия ҳаво мудофааси аллақачон Херсон вилояти учун умуман ишламаяпти ёки имкониятлари жуда чекланган, натижада бу уларга ва ўқ-дориларни сақлайдиган жойларга ҳужум қилинишига сабаб бўлди”, деган Арестович.

Арестович бундай оммавий ҳужум парвозларини бутун уруш давомида кўрмаганини қайд этган.

“Ростини айтганда, биз томондан, кун давомида бир неча марта 4-5 жуфт сурьбетларча [ҳужум қилди]. Авиация, тушунишимизча, қуролли кучларнинг жуда жиддий ва кучли тармоғи бўлиб, у жанговар қобилиятда артиллериядан анча устундир”, деган Президент девони маслаҳатчиси.

Унинг қўшимча қилишича, бундай ҳужумлар бор-йўғи бир неча кун давом этса, Херсондаги Россия ҳарбийларининг аҳволи танглашади.

Шунингдек, у баъзи тасдиқланмаган маълумотларга кўра, Украина самолётлари Херсон вилоятидаги Днепрнинг чап қирғоғига ҳужум қилганини айтган.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 51
Рейтинг: 3.1
t
×