Украина Учинчи жаҳон урушининг дебочаси бўлиши мумкин – Сорос

Олам 13805
image

Украинадаги воқеалар Учинчи жаҳон урушининг бошланиши бўлиши мумкин. Бу ҳақда америкалик иқтисодчи ва миллиардер Жорж Сорос Давосда бўлиб ўтган Жаҳон иқтисодий форумида таъкидлади. Нутқ матни унинг матбуот хизмати томонидан эълон қилинди.

“Босқин Учинчи жаҳон урушининг бошланиши бўлиши ва бизнинг цивилизациямиз ундан омон қолмаслиги мумкин”, дейди Жорж Сорос.

Миллиардернинг сўзларига кўра, бугунги кунда ёпиқ жамият бўлган Хитой ва Россия очиқ жамият учун энг катта таҳдиддир. 

“Путин Украинага бостириб кирганида даҳшатли хатога йўл қўйганини тан олганга ўхшайди ва ҳозир у сулҳ бўйича музокаралар учун замин тайёрламоқда. Аммо сулҳга эришиб бўлмайди, чунки Путинга ишониш мумкин эмас. Путин тинчлик музокараларини бошлаши керак эди, бироқ у ҳеч қачон бундай қилмайди, чунки бу истеъфога чиқиш билан тенг бўлади”, дейди Сорос.

Унинг сўзларига кўра, Путин қанчалик кучсизлашса, шунчалик кутилмаган ишлар қилиши мумкин. Улар Путин муқобил энергия манбалари ишлаб чиқилишини кутиб ўтирмай, газни ўчириб қўйиши мумкин, деб ўйлайди. 

“Урушни барвақт тугатиш учун барча имкониятларимизни сафарбар қилишимиз керак. Цивилизациямизни сақлаб қолишнинг энг яхши ва эҳтимол ягона йўли — имкон қадар тезроқ Путинни мағлуб этишдир. Бу хулоса”, дейди миллардер.

Маълумот учун, Сорос 91 ёшда. У хайрия ташкилотлари тармоғи бўлган “Сорос жамғармаси”га асос солган. "Forbes" молиячининг бойлигини 8,6 миллиард долларга баҳолаган.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.

Юлдуз Абдурашидова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 32
Рейтинг: 3.1
t
×