Украина Россия устидан Халқаро Судга даъво киритди
Олам
−
27 Февраль 2022
10140Украина Россияга қарши даъво аризаси билан Гаагадаги Халқаро судга расман мурожаат қилди. Бу ҳақда Украина Президенти Владимир Зеленский маълум қилди.
“Биз Россия тажовузни оқлаш баҳонасида “геноцид” тушунчаси билан манипуляция қилгани учун жавобгарликка тортилишини талаб қиламиз. Биз суддан зудлик билан Россия Федерациясига жанговар ҳаракатларни тўхтатиш ва кейинги ҳафтада суд мажлисларини бошлаш ҳақида буйруқ беришни сўраймиз”, деб ёзди Зеленский ўзининг Twitter’даги саҳифасида.
Халқаро Суд Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг (БМТ) асосий суд органи ҳисобланади. У Гаагадаги (Нидерландия) Тинчлик саройида жойлашган бўлиб, 1946 йилдан бери фаолият юритади ва халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ давлатлар ўртасидаги ҳуқуқий низоларни ҳал қилади.
Давлатлар ўртасидаги низоларни кўриб чиқишда суд очиқ суд мажлисларини ўтказади, унда тарафларнинг вакиллари ва адвокатлари сўзга чиқади, сўнгра ишни ёпиқ мажлисларда муҳокама қилади ва қарор чиқаради. Ушбу қарор якуний ҳисобланади ва шикоят қилиниши мумкин эмас. Агар жараёнда иштирок этаётган давлатлардан бири унга риоя қилмаса, иккинчи томон БМТ Хавфсизлик Кенгашига мурожаат қилиши мумкин.
1946 йилдан бери суд қуруқлик ва денгиз чегаралари, ҳудудий суверенитет, куч ишлатмаслик, халқаро гуманитар ҳуқуқни бузмаслик, давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик, дипломатик муносабатлар, гаровга олиш, бошпана ҳуқуқи, фуқаролик, васийлик, халқаро бўғозлардан тинч ўтиш ҳуқуқи ва иқтисодий ҳуқуқларга оид низолар бўйича 139 та ҳукм чиқарган.
Бироқ, Халқаро Суд низони фақат манфаатдор давлатлар унинг юрисдикциясини, шу жумладан баҳсли масалада тан олган тақдирдагина кўриб чиқиши мумкин.
Россиянинг Украинага босқини
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бунинг ортидан Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди.
Рус қўшинлари дастлаб Киев ва Харьковга ракета ҳужуми уюштирди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди. Шунингдек, расмий идора рус қўшинлари Харьков ва Одесса вилоятига кириб борганини билдирди.
Ҳужум бошланганидан кўп ўтмай, ЛХР Ички ишлар вазири маслаҳатчиси Виталий Киселев Счастье ва Станица шаҳарчалари ЛХР назоратига ўтганини эълон қилди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь