Украина Россия чангалидан неча ҳарбийсини қайтариб олмоқчи?
Олам
−
13 Май 2022
10927Айни пайтда Украина қўлга олинган россиялик ҳарбий хизматчилар эвазига “Азовсталь” комбинатидан оғир яраланган украиналик ҳарбийларни эвакуация қилиш бўйича музокаралар олиб бормоқда. Бу ҳақда Украина Бош вазири ўринбосари Ирина Верешук маълум қилди.
“Президентнинг топшириғига кўра, биз оғир яраланган аскарларни қўлга олинган россияликлар эвазига “Азовсталь”дан эвакуация қилиш бўйича жуда мураккаб музокаралар олиб бормоқдамиз”, деган у.
Шу билан бирга, вазир ўринбосари айрим сиёсатчилар, журналистлар ва жамоат арбобларининг музокаралар мазмун-моҳиятига оид очиқ фикр-мулоҳазалари жамиятни йўналишдан чалғитиши, шунингдек, музокаралар жараёнига зарар етказаётганидан афсусда эканини билдирган.
“Сиздан ўтиниб сўрайман. Гап одамларнинг ҳаёти ҳақида кетяпти. Ҳаммаси жойида бўлиб, биз одамларни олиб чиқсак, хоҳлаганингизни қилинг. Мен сиздан масъулиятли бўлишингизни ва аралашмаслигингизни сўрайман. Аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак, биз ҳозирда фақат 38 нафар оғир яраланган жангчилар ҳақида музокара олиб бормоқдамиз. Биз босқичма-босқич ишлаймиз. 38 та оғир жангчиларни алмаштирамиз, кейин яна давом этамиз. Ҳозир баъзи ОАВлар хабар қилганидек, 500 ёки 600 кишини алмашиш бўйича музокаралар олиб борилмаяпти”, деган Верешук.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 19 апрель куни тан олинмаган Донецк халқ республикаси (ДХР) халқ милициясининг ҳарбий гуруҳлари Мариуполдаги “Азовсталь” заводи ҳудудига ҳужум бошлаганди.
Кейинроқ Россия Президенти Владимир Путин “Азовсталь”га ҳужумни тўхтатишни ва уни қуршаб олишни буюрганди. Бироқ шундан кейин ҳам заводга ҳужумлар амалга оширилди.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси