Украина Россия билан ядровий хавфсизликка оид қатор шартномалардан чиқди

Олам

image

Украина Россия билан тузилган ядровий хавфсизлик соҳасидаги қатор келишувларнинг амал қилишини тўхтатди. Бу ҳақда Украина ядровий тартибга солиш давлат инспекцияси маълум қилди.

“Россия Федерациясининг ҳарбий тажовузкорлиги муносабати билан Украинанинг Ядровий тартибга солиш давлат инспекцияси ядровий хавфсизлик соҳасидаги давлатлар ўртасидаги ҳамкорликка оид халқаро шартномаларни бекор қилади”, дейилади инспекция хабарида.

Шундай қилиб 2002 йил 14 августда Москвада имзоланган Украина Ядровий тартибга солиш давлат инспекцияси ва Россиянинг Ядро ва радиация хавфсизлиги бўйича Федерал назорат органи ўртасида ядро энергиясидан тинч мақсадларда фойдаланишда хавфсизликни тартибга солиш соҳасида ахборот алмашиш ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим тугатилди. 1996 йил 19 сентябрда Вена шаҳрида имзоланган Украина атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва ядровий хавфсизлик вазирлиги ва Россия Федерал назорат хизмати ўртасидаги ҳамкорлик тўғрисидаги битим ҳам бекор қилинди.

Тегишли фармонни 24 июнь куни Давлат инспекцияси раҳбари вазифасини бажарувчи Олег Кориков имзолаган.

“Украина Ташқи ишлар вазирлиги ушбу халқаро шартномалар бекор қилинганлиги ҳақида огоҳлантирилди”, дейилади Матбуот хизмати хабарида.

Қайд этилишича, қарор Украина Ташқи ишлар вазирлиги, Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслар вазирлиги ҳамда Назорат қилинмаган ҳудудларни реинтеграция қилиш вазирлиги билан келишилган.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

9

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг