Украина Россия билан музокараларга қачон қайтиши маълум бўлди

Олам 7913
image
-

Киев жорий йилнинг август ойида Москва билан музокараларга қайтиши мумкин, чунки у айрим ҳудудларда қарши ҳужум бошламоқчи. Бу ҳақда Россия билан музокарлардаги Украина делегацияси раҳбари Давид Арахамия “Америка Овози” радиостанциясига берган интервьюсида айтиб ўтган. 

"Август ойининг охирида Украина музокараларни давом эттириши мумкин. Биз ўз режаларимизни руслар билан баҳам кўрмоқчи эмасмиз, чунки улар буни очиқ манбалардан ҳам билиб олиши мумкин. Биз айрим ҳудудларда қарши ҳужум операциясини ўтказмоқчимиз”, дейди Арахамия.

Шунингдек, у Украина ҳудудларини йўқотишни қабул қилмаслигини, бу қонуний жиҳатдан мумкин эмаслигини айтиб ўтган. 

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 17 май куни Россия Ташқи ишлар вазири ўринбосари Андрей Руденко Украина билан музокаралар тўхтатилганини, улар ҳеч қандай шаклда олиб борилмаётганини маълум қилганди.

Шундан сўнг,  Украина Президенти девони маслаҳатчиси Михаил Подоляк брифингда Андрей Руденконинг сўзларини тасдиқлаб, Киев Россия дунёдаги сиёсий жараёнларда салбий роль ўйнагани туфайли у билан музокараларни тўхтатганини айтиб ўтди.

Украина Президенти Владимир Зеленский эса Россия 24 февралдан кейин босиб олган Украина ҳудудларини қайтариб берганидан кейингина расмий Киев Москва билан музокараларга қайтиши эълон қилди.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.

Диёра Абдураҳмoнова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 14
Рейтинг: 3.4
t
×