Украина Россия билан муносабатларни узиш йўлидан боряпти – Москва

Олам

image

Киевнинг Россия билан ядровий хавфсизлик соҳасида келишувларни бекор қилиш қарори Украинанинг Москва билан муносабатларини бузишнинг бузғунчи йўлидан бораётганини исботлайди. Бу ҳақда бугун, 29 июнь куни куни Россия ТИВ расмий вакили Мария Захарова маълум қилди. 

“[Украина Президенти Владимир] Зеленский режимининг бундай хатти-ҳаракатлари фактининг ўзи афсусланарли ва бу Киев режими Россия билан барча алоқаларни узиш, икки томонлама муносабатларнинг меъёрий-ҳуқуқий базасини йўқ қилишдек ўта бузғунчи йўлда қолаётганини яна бир бор тасдиқлайди. Бунинг учун айб бутунлай Киев режими бўйнида", дейди Захарова брифингда. 

Дипломатнинг сўзларига кўра, Россия Киевнинг ушбу келишувлардан чиқишидан реал зарар кўрмаяпти, чунки сўнгги ўн йил давомида улар бўйича амалий чоралар кўрилмаган. 

Захарованинг сўзларига кўра, 24 июн куни Киев Украина атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва ядро хавфсизлиги вазирлиги билан Россиянинг Ядро ва радиациявий хавфсизлик бўйича федерал назорат органи ўртасидаги ҳамкорлик тўғрисидаги 1996 йилдаги келишувни, шунингдек, 2002 йилда Украина Ядровий тартибга солиш давлат қўмитаси ва Ядро ва радиация хавфсизлиги бўйича Россия Федерал назорат органи ўртасида имзоланган атом энергиясидан тинч мақсадларда фойдаланишда хавфсизликни тартибга солиш бўйича битимни бекор қилганини маълум қилган. 

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

4

Рейтинг

2.5

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг