Украина Мудофаа вазири урушнинг янги босқичи бошланганини айтди
Олам
−
14 Май 2022
15264Украина урушнинг янги – узоқ муддатли босқичига кирмоқда. Бу ҳақда Мудофаа вазири Алексей Резников маълум қилди.
“Россия стратегик мағлубиятга учради – у 9 майгача ҳарбий аралашув ва ҳокимиятни рус қўғирчоқларига алмаштириш орқали Украина давлатини йўқ қила олмади. Биз уни мақсадлар кўламини оператив-тактик даражага қисқартиришга мажбур қилдик. Ушбу фонда биз урушнинг янги – узоқ муддатли босқичига кирмоқдамиз. Унда ғалаба қозониш учун ресурсларни пухта режалаштириш, хатолардан қочиш, кучимизни шундай лойиҳалаштириш керакки, душман охир-оқибат бунга дош бера олмасин”, деб ёзган у Facebook’да.
Резников Украинанинг мудофаа салоҳиятини оширишга ва бир миллион кишини қурол ва жиҳозлар билан таъминлашга ваъда берди. Унинг сўзларига кўра, ҳозирда 1500 га яқин украиналик аскарлар Украинага Ғарб давлатларидан кўмак сифатида етказиб бериладиган жиҳозлардан фойдаланиш бўйича инструктор бўлиш учун ўқитилмоқда.
Мудофаа вазирлиги раҳбари Украинани ўта оғир ҳафталар кутаётгани ҳақида огоҳлантирди, аммо жанговар ҳаракатларда бурилиш нуқтаси бўлишига умид билдирди.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси