Украина Медведчукни “Азов” қўмондонларига алмаштирди
Олам
−
22 Сентябрь 2022
10074Асирлар алмашинуви доирасида Киев сиёсатчи Виктор Медведчук ва 55 нафар рус аскарини Москвага топширди. Бу ҳақда Украина Президенти девони раҳбари Андрей Ермак ва Украина Хавфсизлик хизмати маълум қилди.
Ермакнинг сўзларига кўра, Медвечук 215 нафар украиналик аскарга, жумладан Мариуполнинг “Азовсталь” заводи ҳимоячилари ва “Азов” полки қўмондонлигига алмаштирилган. Шунингдек, Украина томонида жанг қилган ва асирга олинган 10 нафар хорижлик қайтарилган.
УХХ Медведчукнинг алмашинуви унинг ишларини судда кўриб чиқишга тўсқинлик қилмаслигини таъкидлади.
“Бу қийин жараён эди. Озод қилинган 215 киши – муҳим натижа, бу куч позициясидан фойдаланган ҳолда тўғри тактика натижаси, шу жумладан Украина Қуролли Кучларининг фронтдаги фаолияти натижаларидир”, деб ёзган Украина Президенти девонининг раҳбари ўз баёнотида.
Владимир Зеленскийнинг ўзи “Азов” қўмондонлиги билан видео ҳавола орқали гаплашган. Унинг айтишича, алмашиш шартларига кўра, бешта полк командири уруш тугагунга қадар Туркияда қолади. Ҳарбийлар Туркия етакчиси Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг шахсий ҳимояси остида бўлади.
“Биз одамларимизни уйга олиб келяпмиз. Бу, албатта, давлатимизнинг, бутун жамиятнинг ғалабаси. Энг муҳими, ўз яқинларини хавфсиз кўриш имкониятига эга бўлган 215 оила учун”, дейди Зеленский видеомурожаатида.
Туркия Президенти, ўз навбатида, Москва ва Киев ўртасида асирлар алмашинуви Анқара воситачилигида амалга оширилгани ва бу урушни тугатиш йўлидаги муҳим қадам эканини таъкидлади.
Россияда бу хабарларга изоҳ берилмаган.
Аввалроқ Эрдўған Путин билан учрашувидан кейин Россия ва Украина 200 нафар асирни алмашишга келишиб олганини айтганди.
Маълумот ўрнида, Украина Хавфсизлик хизмати жорий йил апрелда Президент Владимир Зеленский топшириғига кўра, Медведчук ҳибсга олинганини эълон қилди. Кейинроқ Зеленский Россияга Медведчукни асирга олинган Украина фуқароларига алмаштиришни таклиф қилди. Россия Федерацияси Президенти Матбуот котиби Дмитрий Песковга кўра, Кремль Медведчук тақдирини кузатиб боради ва европалик сиёсатчиларни ҳам шунга ундайди.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь