Украина кучлари Северодонецкда муваффақиятли қарши ҳужумга ўтди – ISW
Олам
−
06 Июнь 2022
10941Украина Қуролли Кучлари Луганск вилоятининг Северодонецк шаҳрида муваффақиятли қарши ҳужумларни амалга оширди ва бунинг натижасида Россия армиясининг жанговар қудратини пасайтирди. Бу ҳақда РБК-Украина Урушни ўрганиш институти (ISW) маълумотларига таяниб, хабар берди.
Қайд этилишича, Россия кучлари Северодонецк ва Лисичанск ҳудудига техника ва қўшинларини ташлашда давом этаётган бўлса-да, Украина ҳарбийлари сўнгги 48 соат ичида Северодонецкда муваффақиятли қарши ҳужумга ўтди ва рус қўшинларини шаҳарнинг шарқий чеккасига сиқиб чиқарди. Бундан ташқари, руслар жанубий аҳоли пунктларидан ҳам ортга суриб ташланди.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, Украина кучлари Россия ҳарбийларининг Северодонецкда концентрациялашувидан бошқа ҳудудларда қарши ҳужумларни бошлаш учун фойдаланишга ҳаракат қилишлари мумкин.
“Украинанинг қарши ҳужум босими Россия кучларининг эътиборини Луганск вилоятига қаратишда давом этиши ва шу сабабли Харьков вилояти ва жанубий йўналиш бўйлаб Россиянинг мудофаа ҳаракатларида заифликларни юзага келтириши мумкин”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, ҳарбий экспертлар Украина Қуролли Кучлари душманнинг Луганск вилоятидаги Украина позицияларини қуршаб олишга уринишларини муваффақиятли ушлаб турганиги таъкидлаган эди.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси