Украина халқи ҳақиқатан дўзахда яшаяпти – Гутерриш

Олам

image

Тинч аҳолига қарши террор, шифохоналар, мактаблар, турар-жой бинолари ва бошпаналарни ўққа тутиш: Россиянинг Украинага бостириб киришининг оқибатлари ҳар кун ва соатда янада даҳшатли бўлиб бормоқда. Бу ҳақда БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш журналистлар учун Украина бўйича ўтказилган брифингда маълум қилди.

“Бир ой олдин Россия Федерацияси БМТ Низомини бузган ҳолда Украина суверен ҳудудига оммавий босқинни бошлади. Бу Украина билан чегарада бир неча ой давом этган улкан ҳарбий йиғилгандан сўнг содир бўлди. Ўшандан бери биз шаҳар, шаҳарча ва қишлоқларда даҳшатли азоб-уқубатлар ва ҳалокатларни кўрдик”, дейди Бош котиб.

Гутерришнинг қайд этишича, Мариуполь қулаган тақдирда ҳам Украинани босиб олиш мумкин эмас.

“Бу уруш аста-секин боши берк кўча томон ҳаракатланмоқда. Мана икки ҳафтадан ортиқ вақтдан бери Мариуполь у ерни шафқатсизларча бомбардимон қилаётган, ўққа тутаётган, ҳужум қилаётган рус армияси қуршовида. Нима учун? Мариуполь қулаган тақдирда ҳам Украинани бу тарзда, шаҳарма-шаҳар, кўчама-кўча, уйма-уй босиб бўлмайди”, деган БМТ раҳбари.

Унинг фикрича, булардан келаётган натижа фақатгина азоб, ҳалокат ва даҳшат бўлмоқда.

“Украина халқи ҳақиқатан ҳам дўзахда яшаяпти...”, дейди Гутерриш бутун дунё бу уруш оқибатларини ҳозир ҳис қилаётгани: озиқ-овқат, ёқилғи ва ўғит нархлари осмонга кўтарилаётгани, бу эса глобал очарчиликка олиб келиши мумкинлигидан огоҳлантириб.

БМТ Бош котиби бу урушда ғолиблар бўлмаслигини қайд этган.

“Музокаралар столида ҳозирда жанговар ҳаракатларни тўхтатишга олиб келиши мумкин бўлган етарлича нарса бор... ва энди биз жиддий музокараларни бошлашимиз мумкин. Бу урушда ғалаба қозониб бўлмайди. Эртами-кечми сиз жанг майдонидан тинчлик музокаралари столига ўтишингиз керак бўлади. Бу муқаррар”, дейди БМТ раҳбари.

Гутерриш ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш ва тинчлик учун имконият беришга чақирган.

“Украинадаги урушнинг давом этиши маънавий жиҳатдан номақбул, сиёсий жиҳатдан асоссиз ва ҳарбий нуқтаи назардан маъносиз”, дея таъкидлаган Антонио Гутерреш

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

23

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг