Украина Қримни ҳар қандай йўл билан қайтаради – Зеленский

Олам

image

Қрим Украинанинг ажралмас қисмидир ва Киев Россия томонидан босиб олинган яриморолни ҳар қандай йўл билан қайтариб олади. Бу ҳақда Украина Президенти Владимир Зеленский Қрим платформаси иккинчи саммити якунлари бўйича ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилди.

“Биз Қримни қайтариб оламиз, чунки бу бизнинг ҳудудимиз. Ўзимиз қарор қилган ҳар қандай йўл билан. Биз бошқа давлат билан маслаҳатлашмасдан, ўзимиз қарор қиламиз”, дейди Зеленский.

Президент Украина босиб олинган ҳудудлар, хусусан, Қрим устидаги можарога дипломатия йўли билан чек қўйиш истагини анчадан бери намоён этганини, бироқ Россия бундай ёндашувни қабул қилмаганини эслатган.

“Биз буни қилдик, сулҳ амалда эканида узоқ жараён бўлди. Аммо ҳаммаси қандай тугаганини кўряпсиз. Тўлиқ миқёсда босқин бўлди”, дейди у.

Шу билан бирга, Президент Зеленский Украина Қуролли Кучлари вақтинча босиб олинган ҳудудлардаги фуқаролик объектлари ва аҳолига зарба бермаслигини таъкидлади.

“Биз нима қилаётганимизни биламиз, вақтинча босиб олинган ҳудудларда ҳарбий иншоотлар, омборлар қаерда борлигини биламиз. Украина ҳарбийлари у ерда режа бўйича ишлаши мумкин”, дейди Президент.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

12

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг