Украина қачон Россияга қарши ҳужумга ўтиши маълум бўлди

Олам 23102
image
-

Украина ҳарбийлари Россия аскарлари ҳужум қила олмайдиган аҳволга тушгунга қадар уларни заифлаштиради. Шундан сўнг Украина Қуролли кучлари қарши ҳужумга ўтади. Бу ҳақда Президент девони раҳбари маслаҳатчиси Алексей Арестович “Чикаго радиоси”га берган интервьюсида гапирди.

“Қарши ҳужум бошлашнинг асосий шарти душманнинг ҳужум қилиш қобилиятини йўқотишидир. Акс ҳолда, олдинга силжишнинг маъноси йўқ, чунки биз яқинлашиб келаётган қарши ҳужумларга дуч келамиз ва биз тўплаган барча кучларимиз яқинлашиб келаётган жангларга сарфланади”, деган Арестович.

Сиёсатчи украин аскарлари русларнинг кучини йўқ қилиши кераклигини таъкидлади.

“Биз буни Россия кучларининг 60 фоизи тўпланган Изюмдан Бахмутгача ҳамда Луганск ва Донецк вилоятлари чегарасигача бўлган ҳудудда маневрли мудофаа қўллаб амалга оширамиз. Учбурчак. Ҳозир бу ерда рус қўшинининг 60 фоизи, жанг қилаётган 130-150 минг киши бор. Шундай қилиб, рус армияси тахминан уч ҳафта олдин платога етиб келди ва бу плато аста-секин эгиляпти, биз эса, аксинча, жадал ривожлана бошладик. Қачонки бу икки график бирлашса, биз ҳужумга ўтамиз”, дея тушунтирган Президент девони вакили.

Унга кўра, асосий воқеалар “кузга яқин” содир бўлади.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 96
Рейтинг: 3.1
t
×