Украина қачон Россияга қарши ҳужумга ўтиши айтилди
Олам
−
05 Май 2022
36444Украина қўшинлари жорий йил июнь ойининг ўрталарида, Ғарб давлатларидан жуда кўп миқдорда қурол олинганидан кейин қарши ҳужумга ўтиши мумкин. Бу ҳақда Президент девони раҳбари маслаҳатчиси Алексей Арестович ахборот телемарафонида маълум қилди.
“Бу қурол камида бир нечта бригадалар учун етарли бўлиши, тўлиқ қайта жиҳозланган, ўқитилган, келишилган ва мувофиқлаштирилган бўлиши керак. Шундан кейин олдинга силжишни бошлаш мумкин”, дейди Арестович.
Президент девони раҳбари маслаҳатчисининг аниқлик киритишича, Ғарб давлатлари ҳимояга мўлжалланган қуролларнинг биринчи партиясини май ойи охиригача етказиб бериши кутилмоқда.
“Душманни тўхтата оладиган биринчи қурол Украинага май ойининг охири ёки июнь бошида келади. Шу боис, қарши ҳужум июнь ойининг ўрталаридан эрта бўлиши мумкин эмас. Катта эҳтимол билан бу июнь ойининг иккинчи ярмида бўлади”, дейди Арестович.
Эслатиб ўтамиз, Украина армияси мамлакат жанубидаги бир қанча аҳоли пунктларини Россиядан озод қилганди.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь