Украина газ ва кўмир экспортини тўхтатади
Олам
−
08 Июнь 2022
8745Украина энг оғир қишда омон қолиш учун хорижга кўмир ва газ сотишни тўхтатади. Бу ҳақда мамлакат Президенти Владимир Зеленский Telegram’даги саҳифасида маълум қилди.
“Дарҳақиқат, бу мустақиллик йилларидаги энг оғир қиш бўлади. Бу вақт ичида газ ва кўмиримизни хорижга сотмаймиз. Барча маҳаллий ишлаб чиқариш фуқароларимизнинг ички эҳтиёжларига йўналтирилади”, дейди Зеленский.
Strana.ua нашрининг ёзишича, Зеленский Ҳукумат навбатдаги иситиш мавсумига тайёргарлик кўриш учун штаб тузиб, зарур миқдорда газ ва кўмир сотиб олишини маълум қилган.
3 март куни Украина Энергетика вазирлиги бозор иштирокчиларига табиий газни экспорт қилишни тақиқлади.
“Бу, шунингдек, божхона сақлаш режимида ер ости газ омборларида сақланадиган захираларга ҳам тегишли”, дейди “Укртрансгаз” операцион компанияси.
7 июнь куни Украинанинг “Нафтогаз” раҳбари Юрий Витренко “Bloomberg” агентлигига берган интервьюсида Киев Вашингтон билан қувур гази ўрнига суюлтирилган газ сотиб олиш ва етказиб беришни молиялаштириш имкониятларини муҳокама қилаётганини айтган.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.