Украина Ғарбдан яна 16 млрд “шилмоқчи”

Олам

image

Жорий йилнинг охиригача Украина Ғарб ҳамкорларидан яна 12-16 миллиард доллар олишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда мамлакат Молия вазири Сергей Марченко RBC-Украинага берган интервьюсида маълум қилди.

“Ҳаммаси музокаралар муваффақиятига боғлиқ, молиявий ёрдам 30 миллиард долларгача бўлиши мумкин. Биз аллақачон 14 миллиард доллар олдик, йил охирига қадар яна 12-16 миллиард доллар олишимиз эҳтимоли бор”, дейди вазир.

Сергей Марченконинг таъкидлашича, 24 февраль куни бошланган Россия босқинининг янги босқичи украиналиклар ҳаётини ва Ҳукуматнинг устувор йўналишларини бутунлай ўзгартириб юборган.

“Расмийлар армияга бир неча баравар кўпроқ маблағ сарфлай бошлади, шу билан бирга бюджет даромадлари ҳалокатли даражада қисқарди”, дейди Марченко.

Вазирнинг сўзларига кўра, сентябрь ойида Ҳукумат Европа Иттифоқидан макромолиявий қўллаб-қувватлаш дастуридан тушадиган тушумларни кутмоқда. Ҳаммаси бўлиб, дастур бўйича Киев 8 миллиард евро олиши керак — пул бир неча траншда ўтказилади. У макромолиявий ёрдам Украина томонидан тўлиқ қабул қилинишига умид билдирди.

Шунингдек, Марченко мамлакатда истеъмол даражаси анча юқори даражада қолаётганини қўшимча қилди.

“Кўпчилик кетганига қарамай, истеъмол даражаси ҳамон юқори. Истеъмол даражаси иқтисодиётни ва иқтисодий жараёнларни бошқаради. Ҳа, биз 5 миллиондан 9 миллионгача потенциал истеъмолчиларни йўқотдик, аммо бу иқтисодий жараёнларни тўхтатиб қўймади”, дейди у.

Украинада инфляция кўрсаткичи урушдан олдинги даврга нисбатан анча юқори эканига ҳам тўхталиб ўтди.

“Инфляция кўрсаткичи 10 фоизга яқинлашаётган бошқа мамлакатлар – Европа, АҚШ билан солиштирганда, бизда 22,2 фоизлик инфляция унчалик қўрқинчли эмас. Яъни, бу инфляция кўрсаткичи уруш давом этаётган мамлакатда қайд этилиши табиий ҳол”, дейди Марченко.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 8 август куни АҚШ Ҳукумати Украинага бюджетини қўллаб-қувватлаш учун 4,5 миллиард доллар ажратишини эълон қилди. Маблағлар Давлат департаменти тузилмасида фаолият юритувчи Халқаро тараққиёт агентлиги томонидан ажратилади.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.

Европа мамлакатлари аллақачон Россия нефтини етказиб беришни алмаштиришни бошлаган. Мисол учун, май ойининг охирида Бирлашган Араб Амирликлари икки йиллик танаффусдан сўнг Европага нефть етказиб беришни тиклади.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

14

Рейтинг

3.3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг