Украина “Азовсталь”да русларга ойлаб қаршилик кўрсатган аскарлари жасадини олди
Олам
−
12 Июль 2022
13544Украина Россия билан бир қатор алмашувларда 400 дан ортиқ ҳарбийнинг жасадини олди. Уларнинг аксарияти “Азовсталь”да вафот этган ҳимоячилардир. Уларнинг деярли барчасининг шахси аллақачон аниқланган. Бу ҳақда алоҳида ҳолатларда бедарак йўқолганлар бўйича комиссар Олег Котенко маълум қилган.
Унинг сўзларига кўра, яқинлари “Азовсталь”да бўлган украиналиклар ДНКларини топширган.
“Агар биз ҳозир “Азовсталь”да бўлмаганларни кўпроқ олсак, у ҳолда жасад бор, лекин ДНКдан ўтмаган ҳолатлар кўпаяди. Шунинг учун, мен музокаралар олиб бораётганимда, Россия билан ҳеч бўлмаганда жасад қаердан эканлиги ҳақида ёзиш бўйича келишув бор – бу Луганск йўналишими, Волноваха ёки Харьков йўналишими”, дейди Котенко.
Унинг қўшимча қилишича, кўплаб жасадлар ҳужжатсиз келади ва уларнинг кимлиги номаълум.
Котенконинг сўзларига кўра, ҳарбийларнинг жасадлари учта ўликхонадан бирига тушади: Киев, Днепр ёки Харьков. Улар бу тизимга Запорожьедаги яна бир ўликхонани қўшишни режалаштирмоқда. Қариндошлар ДНК тестини мамлакатнинг исталган шаҳрида топширишлари мумкин, натижалар ягона маълумотлар базасига киритилган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 20 май куни “Азовсталь” заводи ҳудуди бутунлай рус қўшинлари назоратига ўтди. Россия Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, заводда бўлган 531 кишидан иборат сўнгги гуруҳ таслим бўлган, 2439 киши қуролини ташлаган. Аммо улар қуролларни ташлашдан олдин биргина заводда бир неча ой давомида Россия кучларига қаршилик кўрсатган.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси