Украина армиясини 5 баравар катталаштирмоқчи

Олам

image
0:00
0:00
download

Украина ҳарбий ҳаракатларда қатнашаётган ҳарбий хизматчилари сонини 1 миллион кишигача етказиш ниятида. Бу ҳақда кеча, 13 май куни мамлакат Мудофаа вазири Алексей Резников маълум қилди.

“Тайёргарлик чора-тадбирлари ва Украина халқининг сафарбарлиги, мамлакат устидан назоратни сақлаб қолган ҳокимиятнинг ҳаракатлари туфайли мудофаа ташкил этилди. Дастлабки босқичларда кўнгиллилар жуда ёрдам беришди, улар ҳаракатчанлиги туфайли ўткир муаммоли масалаларни ҳал қилишди. Давлат механизмини қўллаш жуда кўп расмиятчиликдир, ҳатто уруш шароитида ҳам. Биз душманга қарши курашадиган 1 миллион кишини таъминлаш зарурлигига эътибор қаратамиз”, деб ёзган у Facebook’даги саҳифасида.

У, шунингдек, можаронинг кучайиши "мудофаа эҳтиёжларининг кескин ўсишига сабаб бўлганини” ва “Украина бунга тўлиқ тайёр эмаслигини” таъкидлади.

Ўтган йилнинг июль ойида Олий Рада “Миллий қаршилик асослари тўғрисида”ги қонунни қабул қилди ва Украина Президенти Владимир Зеленский уни имзолади. 2022 йил 1 январдан бошлаб ушбу қонун асосида Ҳудудий мудофаа кучлари Украина Қуролли Кучларининг (УҚК) алоҳида бўлимига айланди. Жорий йилнинг январь ҳолатига кўра, Украинада 25 та ҳудудий мудофаа бригадалари мавжуд бўлиб, уларнинг сони 100 минг кишини ташкил этади. Украина ҳукумати февраль ойида ҳаммага қурол тарқатишни бошлади. Президент Владимир Зеленский 4 март куни Украина ва чет эл фуқаролари орасидан тинч аҳолига Россия ҳаракатларига миллий қаршилик кўрсатиш жараёнида ўқотар қуроллардан фойдаланишга рухсат берувчи қонунни имзолади. 15 март куни Ички ишлар вазири Денис Монастирский аҳолига “ўн минглаб автоматлар” берилганини айтди.

Украина оммавий ахборот воситаларининг ёзишича, Россия ҳужуми бошланишидан олдин Украина Қуролли кучларининг умумий сони 200 мингга яқин кишини ташкил қилган.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

26

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг