УХХ Қодировни ҳарбий жиноятда айблади. Чеченистон раҳбари каландимоғлик билан жавоб қайтарди

Олам

image

Украина Хавфсизлик хизмати (УХХ) Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров ва унинг қўл остидаги икки ходими: Чеченистон Миллий гвардияси қўшинлари бошлиғи ўринбосари Даниил Мартинов ва Россия Миллий гвардиясининг “Жануб” алоҳида моторли батальонининг 249-сонли тактик гуруҳи қўмондони Ҳусайн Межидовдан “ҳарбий жиноятлар ҳақида аниқ далиллар” тўплаганини маълум қилди.

Украина разведка хизмати маълумотларига кўра, 2022 йил февраль-март ойларида Қодиров Миллий гвардиянинг чечен бўлинмаларининг алоҳида ҳарбий амалиётларини ишлаб чиқиш ва режалаштиришни шахсан ўзи назорат қилган, буйруқлар берган, уларнинг раҳбарларининг ҳисоботлари ва маърузаларини эшитган.

Мартинов, УХХ маълумотларига кўра, 5 март куни Киев вилоятининг Бородянка шаҳридаги психоневрологик мактаб-интернатни эгаллаб олишга шахсан раҳбарлик қилган, ўшанда унинг деярли 500 нафар бемор ва ходимлари гаровга олинган. Межидов февраль ойи охири, март ойининг бошларида Гостомелда 200 га яқин тинч аҳолини асирга олиш ва гаровда ушлаб туришга буйруқ берган, дейди махфий хизматдагилар.

УХХ терговчилари Қодировни тажовузкор урушга тайёргарлик кўриш ва уни бошлаш, Украина чегараларини ўзгартириш чораларини кўриш, шунингдек, Россиянинг Украинага қарши ҳарбий тажовузкорлигини ёқлашда гумон қилмоқда. Мартинов ва Межидов уруш қонунлари ва урф-одатларини бузганликда, ҳарбий асирларга ёки тинч аҳолига нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлганликда айбланмоқда.

Рамзан Қодиров УХХ айбловига муносабат билдириб, каландимоғлик билан ким жиноятчи эканини аниқлаштириш учун белгиланган жойга боришини айтган.

“Хавфсизлик кучлари жаноблари, биз боришимиз керак бўлган жойни аниқланг. Биз мамнуният билан келиб, ким жиноятчи, ким қотил, ким террорчи эканлигини аниқлаймиз”, деган Қодиров ўзининг Telegram-каналида эълон қилинган аудиоёзувда.

Чеченистон раҳбари УХХ томонидан айбланган Даниил Мартинов “бизда ишламайди”, деб таъкидлаган. Мартинов Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ходими, дейди Қодиров.

Чеченистон раҳбари, шунингдек, у аллақачон “Киевни” эгаллаши мумкинлигини айтган. 

“Зеленский ҳам, шунга ўхшашлар ҳам подвалларда сўроқ қилинаётган бўлар эди. Бизга Киевни эгаллашга ва сени сўроқ қилишга рухсат бермагани учун Путинга раҳмат айт, “КНВшик”, дейди Қодиров.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

126

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг