Уч давлат Россияга қарши янги санкциялар киритди
Олам
−
18 Март 2022
15979Япония, Австралия ва Янги Зеландия Россиянинг Украинага қарши ҳужуми туфайли унга қарши янги санкциялар киритди.
Япония
Япония россиялик 15 жисмоний шахс ва тўққизта ташкилотга, жумладан мудофаа сектори расмийлари ва давлат қурол экспортчиси “Рособоронэкспорт”га қарши санкциялар жорий қилади. Активларини музлатишни назарда тутувчи санкцияларга Россия ТИВ расмий вакили Мария Захарова, олигарх Сулеймон Керимов, Россия мудофаа вазирининг саккиз нафар ўринбосари киритилган. Компаниялар орасида “Рособоронэкспорт”, “Россия вертолётлари”, “Бирлашган авиақурилиш корпорацияси”, “Уралвагонзавод” ва бошқаларга нисбатан санкциялар жорий қилинган.
Умуман олганда, Россиянинг Украинага бостириб кириши ортидан Япония Россиядаги 76 киши, етти банк ва 12 ташкилотга қарши санкциялар киритган.
Янги Зеландия
Янги Зеландия 13 нафар россияликка нисбатан санкциялар жорий қилди. Бу ҳақда мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги хабар берган.
Улар орасида Президент Владимир Путин ва Россия Федерацияси Хавфсизлик кенгашининг 12 нафар аъзоси, битта банк ва 18 ташкилот бор.
Санкциялар орасида улар билан ҳамкорлик қилишни тақиқлаш, активларни музлатиш ҳамда кема ва самолётларнинг мамлакатга киришини тақиқлаш киради. Бундан ташқари, Янги Зеландия яна 364 нафар сиёсатчи ва ҳарбий хизматчининг мамлакатга киришини тақиқлади.
Австралия
Ўз навбатида, Австралия Россиянинг суверен қарзига хизмат кўрсатувчи яна 11 та Россия банки ва давлат муассасаларига нисбатан санкциялар жорий қилмоқда. Бу ҳақда мамлакат ТИВ хабар берган.
Улар биргаликда Россия Федерациясидаги барча банк активларининг қарийб 80 фоизини ташкил қилади ва уларга “Сбербанк”, “Газпромбанк”, “ВЭБ”, “ВТБ”, “Россилхозбанк”, “Совкомбанк”, “Новикомбанк”, “Альфа-Банк” ва “Москва Кредит банки” киради.
Австралия, шунингдек, Владимир Путинга яқин олигархларга нисбатан санкция босимини кучайтирган.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси