Тўрт давлат ЕИдан Россия активларини мусодара қилишни талаб қилмоқда

Олам

image

Литва, Словакия, Латвия ва Эстония Европа Иттифоқидан (ЕИ) Россияга қарши янги санкциялар тайёрлашни бошлашни сўраяпти. Шунингдек, тўрт давлат Украинани қайта тиклашни молиялаштириш учун Европа Иттифоқидан музлатилган Россия активларини мусодара қилишни талаб қилмоқда. Мазкур талаблар ёзилган мактубни “Reuters” нашри эълон қилди.

Улар мактубда Европа Иттифоқи россиялик жисмоний ва юридик шахсларга тегишли активларни ҳамда Россия банкининг 300 миллиард долларга яқин захираларини аллақачон музлатиб қўйганини эслатган.

“Энди биз Украинанинг Россия тажовузига қарши курашдаги саъй-ҳаракатларини давом эттириш ва мамлакатни урушдан кейинги қайта қуриш харажатларини қоплаш учун молиявий манба сифатида максимал даражада фойдаланишнинг қонуний йўлларини аниқлашимиз керак”, дейилади ҳужжатда.

Бу тўрт давлатга кўра, агар активларни мусодара қилишнинг қонуний йўллари топилмаса, улардан восита сифатида фойдаланиш керак. Россия мулкларидан Украинага етказилган барча зарарни қоплангандан кейингина фойдаланиши лозим.

Шунингдек, мактубда Россияга қарши Европа Иттифоқининг янги санкцияларини жорий этиш зарурлиги ҳақида баёнот берилган. 

“Бизнинг молиявий ресурсларимиз, маҳсулотимиз ёки хизматларимиз Россия уруш машинасига ҳисса қўшмаслигини таъминлаш учун Европа Иттифоқи ва Россия ўртасида умуман иқтисодий алоқалар қолмаслиги керак”, дейилади ҳужжатда.

Эслатиб ўтамиз, Европа Иттифоқи дипломатияси раҳбари Жозеп Боррель 9 май куни музлатилган Россия олтин-валюта захираларини Украинани тиклаш учун ишлатишни таклиф қилган эди. 18 май куни Еврокомиссия вице-президенти Валдис Домбровскис россияликларнинг Европа Иттифоқидаги музлатилган активлари тақдири, жумладан, мусодара қилиниши ушбу активлар жойлашган мамлакатлар қонунчилиги асосида ҳал қилинишини маълум қилди.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Россия-Украина босқини

Баҳолаганлар

7

Рейтинг

3.4

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг