Туркиядаги ўзбекистонликлар огоҳлантирилди

Олам

image

Сўнгги кунларда Истанбул шаҳрида турли норозилик намойишлари ва оммавий йиғилишлар ўтказилмоқда. Шу сабабли Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси огоҳлантириш билан чиқди.

Қайд этилишича, Туркия ҳуқуқ-тартибот идоралари ижтимоий тармоқларда провокацион постлар жойлаштирган 261 кишини аниқлаган ва 37 кишини ҳибсга олган. Шу сабабли, ижтимоий тармоқларда ҳар қандай хабар ёки фикр билдиришда жуда эҳтиёт бўлиш зарур.

Хавфсизликни таъминлаш учун қуйидагиларга амал қилиш керак:

  • Ҳар қандай норозилик намойишлари, митинглар ва оммавий йиғинлардан узоқроқ бўлиш;
  • Одам гавжум жойларга бормаслик ва ҳаракатланиш йўналишини олдиндан режалаштириш;
  • Ижтимоий тармоқларда эҳтиёткорлик билан ҳаракат қилиш, провокацион хабарлар жойлаштирмаслик ва тарқатмаслик;
  •  Расмий хабарларга эътибор бериш ва вазият бўйича янгиликларни кузатиб бориш;
  •  Фавқулодда ҳолатларда Бош консулхона билан боғланиш.

“Сизнинг хавфсизлигингиз биз учун муҳим! Иложи борича эҳтиёт бўлинг ва ҳуқуқ-тартибот идораларининг кўрсатмаларига риоя қилинг”, дейилади хабарда.

Экрем Имомўғлининг ҳибсга олиниши

19 март куни тонгда Истанбул ҳокими ва Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг асосий сиёсий рақиби Экрем Имомўғли ҳамда унинг 106 тарафдори ҳибсга олинганди. Улар Курд ҳарбий-сиёсий ташкилоти ПККга кўмаклашиш ҳамда бошқа ноқонуний ҳаракатларда айбланмоқда.

Мазкур воқеалар юзасидан Туркия Адлия вазири Йилмаз Тунч тегишли баёнотини эълон қилди. Унинг маълум қилишича, Истанбул Бош прокуратураси томонидан олиб борилаётган тергов ҳаракатлари доирасида 106 нафар гумонланувчига, жумладан, Истанбул шаҳар ҳокимига нисбатан бугун эрталаб ҳибсга олиш тўғрисида қарорлар чиқарилган. Билдирилишича, Истанбул Бош прокуратураси томонидан 2 та тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Шунингдек, Истанбул Бош прокуратурасининг баёнотидан маълум бўлишича, тергов материаллари орасида MASAK (Молиявий жиноятларни тергов қилиш бошқармаси) ҳисоботлари, солиқ экспертизаси хулосалари, депозитлар ҳақида ҳисоботлар, гувоҳларнинг баёнотлари ва бошқа далиллар мавжуд.

Туркия Президенти девони Коммуникациялар бошқармаси раҳбари Фахриддин Алтун эса Экрем Имомўғли ҳибсга олингани ортидан давлат раҳбарига нисбатан туҳмат ва бўҳтонлар айтилаётганини билдирди. У суд органларининг мустақиллигига путур етказиш, шунингдек, Президент Ражаб Тойиб Эрдўғанга дахл қилиш, мафкуравий туҳмат ҳаракатларига қарши қарши эканини маълум қилган.

Истанбул шаҳри талабалари Имомўғлининг ҳибсга олинишига қарши намойишга чиқди. Туркиянинг асосий мухолифатдаги Жумҳурият халқ партияси (ЖХП) етакчиси Ўзғур Ўзел 86 миллионлик республика аҳолисини келаси якшанба, 23 март куни Истанбул ҳокими Экрем Имомўғлининг ҳибсга олинишига қарши кўчаларга чиқишга чақирди. ЖХП аъзолари ўзларининг партиядошларининг ҳибсга олинишига норозилик сифатида минбарга тўпланиб, парламент Бош ассамблеяси ишини тўсиб қўйишди.


Мақола муаллифи

Теглар

Истанбул огоҳлантириш Экрем Имомўғли

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг