Туркиядаги давлат тўнтаришига алоқадорликда айбланган Гулен АҚШда вафот этди
Олам
−
21 Октябрь
7124Туркияда террорчи ташкилот деб эълон қилинган ФЕТО етакчиси Фатҳуллоҳ Гулен АҚШда вафот этди. Бу ҳақда “Haberturk” хабар берди.
Қайд этилишича, 83 ёшли Гуленнинг вафот этганини унинг жияни Эбуселеме Гулен ҳам тасдиқлаган. Унга кўра, Гулен кеча, 20 октябрь куни АҚШнинг Пенсильвания штатидаги шифохонада ҳаётдан кўз юмган.
Маълумот учун, Туркияда баъзи оммавий ахборот воситалари Гуленни мамлакат Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг асосий рақиби сифатида кўрсатишарди. Туркия ҳукуматига кўра, у 2016 йил июль ойида икки ҳафта давом этган ва 250 дан ортиқ кишининг ўлимига, яна 2,2 минг кишининг жароҳатланишига олиб келган давлат тўнтаришига уринишда айбдор.
Анқара АҚШдан Гуленни экстрадиция қилишни талаб қилган. Шунингдек, Туркия ҳукумати ФЕТО тарафдорларини охирги кишисигача жавобгарликка тортмагунча уларни таъқиб қилишини маълум қилган.
Маълумот ўрнида, Фатҳуллоҳ Гулен 1970 йилларда Туркияда пайдо бўлган – Туркия ҳукуматига кўра, Фатҳулла террорчи ташкилоти ҳаракатига (ФЕТО) раҳбарлик қилган. Ташкилот ўзини тинчликсевар ва замонавий исломий қарашларни илгари сурувчи ҳаракат сифатида кўрсатган. Ҳаракатни сиёсий таъсирга эришишга интилишда айбланган. ФЕТО таркибига оммавий ахборот воситалари, мактаблар ва хайрия ташкилотлари киради.
Фатҳуллоҳ Гулен 1999 йилдан бери АҚШда яшаган. У, шунингдек, илоҳиёт ва педагогика бўйича илмий асарлар муаллифи сифатида танилган. 2013 йилда “Time” журналининг дунёнинг 100 та энг нуфузли шахслари рўйхатига кирган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Туркия махсус хизматлари ФЕТО ташкилоти тарафдорларига қарши операция ўтказган эди. Унда давлат идораларида турли лавозимларда ишлаган 46 киши қўлга олинганди.