Туркия Украина портларини миналардан тозалашда Россияга ёрдам беради
Олам
−
01 Июнь 2022
5770Туркия Президент Ражаб Тойиб Эрдўған Россия Президенти Владимир Путин билан мулоқотда Анқара Украина портларини миналардан тозалашни ташкиллаштиришда Москвага ёрдам беришга тайёрлигини айтган. Бу ҳақда Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Саудия Арабистонига ташрифи якунлари бўйича ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилди.
“Владимир Путин ва Ражаб Тойиб Эрдўған ўртасидаги суҳбатдан сўнг туркиялик ҳамкасблар гаровга олинган кемаларни озод қилиш учун Украина портларини миналардан тозалашни ташкил этишда ёрдам беришга ҳаракат қилишлари ҳақида келишиб олди”, дейди Лавров.
Эслатиб ўтамиз, Туркия Монтрё конвенциясининг Қора денгиздан ҳарбий кемаларни чиқариб ташлаш ҳақидаги бандлари муносабати билан НАТОнинг қатор ҳарбий машғулотларини бекор қилган эди.
Маълумот учун, Ражаб Тойиб Эрдўған Анқара Россия табиий газидан воз кечишга қодир эмаслигини айтган эди.
“Табиий газнинг 50 фоизини Россиядан оламиз. Биз учун бу стратегик масала. Биз уларни буза олмаймиз”, дея таъкидлаган эди у турк ёшлари билан бўлган учрашувда.
Шунингдек, у Украинадаги вазият туфайли Россия Президенти Владимир Путин билан муносабатларни узиш ниятида эмаслигини ҳам қўшимча қилганди.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бунинг ортидан Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди.
Рус қўшинлари дастлаб Киев ва Харьковга ракета ҳужуми уюштирди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди. Шунингдек, расмий идора рус қўшинлари Харьков ва Одесса вилоятига кириб борганини билдирди.
Ҳужум бошланганидан кўп ўтмай, ЛХР Ички ишлар вазири маслаҳатчиси Виталий Киселев Счастье ва Станица шаҳарчалари ЛХР назоратига ўтганини эълон қилди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
LiveБарчаси