Туркия НАТОнинг Қора денгиздаги ҳарбий машқларини бекор қилди

Олам 7545
image

Туркия Монтрё конвенциясининг Қора денгиздан ҳарбий кемаларни чиқариб ташлаш ҳақидаги бандлари муносабати билан НАТОнинг қатор ҳарбий машғулотларини бекор қилди. Бу ҳақда мамлакат Ташқи ишлар вазири Мавлуд Чавушўғли “Анадолу” агентлигига берган интервьюсида айтиб ўтди.

“НАТОнинг олдиндан режалаштирилган машқлари бор эди. Биз уларни бекор қилдик ва кейинга қолдирдик. Яъни, биз муҳим роль ўйнаймиз”, дейди у.

Шунингдек, у Туркия Россияга қарши санкцияларга қўшилмаслигини, агар қўшилса, ҳозир бўлган воситачилик ролини ўйнай олмаслигини айтди.

“Энди ҳар ким истаганига нисбатан санкция қўллаши мумкин. Бу уларнинг иши. Биз воситачи ролини танладик, вазиятни юмшатишга ҳаракат қилмоқдамиз. Ва бизнинг бу позициямиз Европа Иттифоқида, дунёда олқишланади”, дейди Ташқи ишлар вазири.

Шунингдек, Чавушўғлининг қўшимча қилишича, Туркиянинг Россияга қарши санкцияларга қўшилмаслиги уларни Анқара орқали четлаб ўтиш мумкин дегани эмас.

Маълумот учун, Монтрё конвенцияси 1936 йилда қабул қилинган. У савдо кемалари учун тинчлик даврида ҳам, уруш даврида ҳам ушбу бўғозлардан ўтиш эркинлигини сақлаб қолади, аммо режимлар ҳамма учун ҳар хил. 

Конвенциянинг 19-моддасига кўра, Туркия иштирок этмаган уруш пайтида можаро иштирокчиларининг ҳарбий кемалари бўғозлардан ўтиши мумкин эмас.

Россиянинг Украинага бостириб кирганидан бир неча кун ўтиб, Анқара Монтрё конвенциясига мувофиқ, Россия ва Украина ҳарбий кемалари учун бўғозларни ёпиб қўйди. Шу билан бирга, икки давлат ҳарбий кемалари ўзларининг асосий лангар портларига қайтиш учун бўғозлардан ўтиши мумкин эди.

Бўғозларни ёпиш илтимоси билан Киев Украинада жанговар ҳаракатлар бошланган 24 февраль куни Туркияга юзланди. Кейинроқ, Украина Президенти Владимир Зеленский Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғанга бу қарори учун миннатдорлик билдирди. 

Босфор ва Дарданел, Мармара денгизи билан бир қаторда Қора денгизни Ўрта ер денгизи билан боғлайди. Бу Қора денгиздан Жаҳон океанига борадиган ягона йўл. Бўғознинг ҳар икки томони Туркия томонидан назорат қилинади.

Юлдуз Абдурашидова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 277
Рейтинг: 3
Теглар
t
×