Туркия Россиянинг бир томонлама референдумларини қоралади

Олам

image

Туркия Ташқи ишлар вазирлиги (ТИВ) Россиянинг Украинанинг босиб олинган ҳудудларида бир томонлама референдумлар ўтказиш ниятини қоралади, чунки бу дипломатик жараённи мураккаблаштиради ва беқарорликнинг чуқурлашишига олиб келади. Бу ҳақда Туркия Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида айтилади.

“Биз Украинанинг Россия назорати остидаги қисмларида бир томонлама референдум ўтказишга уринишлардан хавотирдамиз. Бундай ноқонуний fait accomplis (якунланган факт) халқаро ҳамжамият томонидан тан олинмайди. Аксинча, бу дипломатик жараённинг тикланишига тўсқинлик қилади ва беқарорликни чуқурлаштиради”, дейилади баёнотда.

Туркия Ташқи ишлар вазирлиги, шунингдек, Украинанинг ҳудудий яхлитлиги, мустақиллиги ва суверенитети қўллаб-қувватланишини ва “ҳозирги урушни тинч музокаралар йўли билан якуний ҳал этишга ҳар қандай зарур ҳиссани қўшишга тайёрлигини яна бир бор таъкидлади”.

Эслатиб ўтамиз, 23-27 сентябрь кунлари босиб олинган Донецк, Луганск, Херсон ва Запорожье вилоятлари ҳудудларини Россия таркибига қўшиш бўйича бир томонлама референдумлар ўтказиш режалаштирилмоқда. Бу қарор аллақачон Европа Иттифоқи, НАТО, АҚШ ва бошқа қатор давлатлар томонидан қораланди.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. 


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

12

Рейтинг

3.3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг