Туркия Bayraktar'лар Украинага қандай бориб қолганини маълум қилди

Олам

image

Туркия Bayraktar учувчисиз учив воситаларини (УАВ) Украинага ёрдам сифатида топширмаган, Киев дронларни хусусий компаниядан сотиб олган. Бу ҳақда Туркия Ташқи ишлар вазири ўринбосари Явуз Селим Киран маълум қилди.

2018-2020 йилларда Украина Bayraktar ТВ2 турк ҳужумкор учувчисиз ҳаво тизимларини импорт қилган, уларни сотиб олишга тахминан 74 миллион доллар сарфланган. Февраль ойи бошида Президент Владимир Зеленский Украина ва Туркия мамлакатда Bayraktar учувчисиз учиш аппаратларини ишлаб чиқаришни кенгайтириш бўйича келишув имзолаганини айтганди.

“Bayraktar” хусусий корхона маҳсулотидир. Украина ҳам ушбу маҳсулотни компаниямиздан сотиб олмоқчи бўлди ва улар ўртасида шартнома тузилди. Улар ушбу маҳсулотни тақдим этишди. Бутун дунёда шундай. Бугунги кунда Россия, АҚШда хусусий ҳарбий-саноат комплекси компаниялари мавжуд. Хусусий ҳарбий-саноат комплекси компаниялари давлатлар билан шундай шартномалар тузишлари мумкин. Бу давлатлар уларни ҳеч нарсага мажбурламаяпти. Бу Туркиядан ёрдам эмас, Украина турк компаниясидан сотиб олган маҳсулотлар. Албатта, биз бу маҳсулотлар билан фахрланамиз”, дея Ташқи ишлар вазири ўринбосарининг сўзларини келтиради “Sabah” газетаси.

Украина ҳарбийлари мамлакатга бостириб кирган рус қўшинларига қарши Bayraktar'лардан фаол фойдаланмоқда. Расмийлаар шу турдаги дронлар билан русларнинг бир қанча ҳарбий техника ва колонналарини тўхтатганини маълум қилди.

Россиянинг Украинага босқини

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

154

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг