Тўқаев Украина борасида Путин билан ҳамфикрлигини билдирди
Олам
−
02 Апрель 2022
14577Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Россия Президенти Владимир Путин билан телефон орқали мулоқоти чоғида Украинанинг нейтрал, блоксиз ва ядровий бўлмаган мақоми бўйича келишувларга эришиш муҳимлигини муҳокама қилди. Бу ҳақда бугун, 2 апрель куни Қозоғистон Президенти матбуот хизмати маълум қилди.
“Владимир Путин Қосим-Жомарт Тўқаевга Россия-Украина музокараларининг бориши ҳақида маълуот берди. Украинанинг нейтрал, блоксиз, ядровий бўлмаган мақоми бўйича келишувларга эришишнинг алоҳида аҳамияти ҳақида умумий тушунча билдирилди”, дейилади хабарда.
Қайд этилишича, Президентлар икки давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва уни ривожлантириш истиқболларини атрофлича муҳокама қилган.
“Ўзаро товар айирбошлаш динамикасини сақлаб қолиш мақсадида икки давлат ҳукуматлари ўртасида энг муҳим товар айирбошлаш бўйича ҳамкорликни фаоллаштириш бўйича келишувга эришилди”, дея маълум қилмоқда матбуот хизмати.
Путин, шунингдек, Тўқаевга Донбассни ҳимоя қилиш бўйича махсус ҳарбий операциянинг бориши, шунингдек, Россия Федерацияси ва Украина вакиллари ўртасидаги музокаралар ҳақида маълумот берган.
“Владимир Путин Донбассни ҳимоя қилиш бўйича махсус ҳарбий операциянинг бориши, шунингдек, Россия ва Украина вакиллари ўртасидаги музокаралар ҳақида маълумот берди”, — дейилади Кремль хабарида.
Давлат раҳбарлари Евроосиё маконида интеграцион бирлашмалар доирасида мамлакатларнинг ўзаро ҳамкорлигини чуқурлаштириш истиқболларини ҳам муҳокама қилганлар.
“Евросиё маконида интеграция бирлашмалари доирасидаги ҳамкорликни чуқурлаштириш истиқболлари кўриб чиқилди”, дейилади Кремль хабарида.
Томонлар Россия-Қозоғистон иттифоқчилик ва стратегик шериклик муносабатларини ҳар томонлама мустаҳкамлаш тарафдори эканликларини тасдиқлаган.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси