Туғуруқхонадаги аёлнинг ўлими сабаби очиқланди
3-саҳифа
−
21 Ноябрь 2023
15797Аввалроқ Тошкент вилоятининг Янгийўл шаҳрида 26 ёшли ҳомиладор аёл туғуруқхонада тўсатдан вафот этгани ҳақида хабар берилган эди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Фурқат Санаев мазкур ҳолат юзасидан қўшимча маълумот берди.
Унинг қайд этишича, аёлнинг вафот этишига наслий хасталик, яъни артерияларнинг тўсатдан ёрилиши сабаб бўлган. Санаевнинг қўшимча қилишича, артерияларнинг тўсатдан ёрилиши нейрофиброматоз (Реклингхаузен синдроми)нинг асорати бўлиб, аксарият ҳолатларда ўлим билан якунланади.
Суд тиббиёт экспертизаси дастлабки хулосасига кўра, марҳумада ҳомиладорликка алоқадор бўлмаган нейрофиброматоз хасталиги асоратлари оқибатида талоқ артериясининг, ичак тутқич томирларнинг спонтан ёрилиши тўсатдан ўлим ҳолатига олиб келган.
“Ҳолат юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар суриштирув олиб бормоқда. Якуний хулоса ҳақида қўшимча хабар берилади”, дейди Фурқат Санаев.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қашқадарёда эгизак фарзандларни дунёга келтирган 19 ёшли аёл вафот этганди.