Фойдаланишга яроқсиз 120 та “котел”ни $45 мигга сотаётганлар ушланди (видео)
3-саҳифа
−
14:39 878 2 дақиқа
Тошкент вилоятининг Янгийўл шаҳрида фойдаланишга яроқсиз бўлган 500 та иситиш қозонини ноқонуний сақлаб келган шахслар аниқланди. Улар 120 та қозонни сохта ҳужжат ва сертификатлар билан 45 минг долларга сотаётган вақтида қўлга олинди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, 1989 йилда Хоразм вилоятида туғилган газ таъминоти ходими ҳамда 1972 йилда туғилган, аввал судланган тадбиркор ўзаро тил бириктириб, хориждан келтирилган иситиш қозонларини ноқонуний сотиш билан шуғулланган.
Улар яроқлилик муддати ўтган, фойдаланишга яроқсиз ва хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган иситиш қозонларини сохта ҳужжатлар ҳамда сертификатлар билан расмийлаштирган.
Гумонланувчилар 120 та қозонни донасини 380 доллардан ҳисоблаб, жами 45 минг долларга сотаётган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Тезкор тадбир давом эттирилиб, тадбиркорнинг яшаш хонадони кўздан кечирилганида, у ерда хориждан келтирилган, турли номдаги яна 500 та хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган иситиш мосламаси ноқонуний сақланаётгани аниқланган.
Билдирилишича, мазкур ҳолат юзасидан ноқонуний иситиш мосламаларини сотган шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 276-11-моддаси (хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган товарларни ўтказиш мақсадини кўзлаб ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш ёхуд ўтказиш, ишлар бажариш ёки хизматлар кўрсатиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Наманган вилояти Давлатобод туманида таълим муассасаларига иситиш қозонлари етказиб бериш учун ажратилган 1 млрд сўм бюджет маблағлари талон-торож қилингани аниқлангани ҳақида хабар берилганди.
Live
БарчасиОзон тешиги рекорд даражада кенгайди
06 Ноябрь
Октябрда инфляция 0,6 фоизни ташкил этди
06 Ноябрь