Тожикистонда маҳкумлар қўриқчиларни ўлдириб, қамоқдан қочмоқчи бўлди
Олам
−
04 Февраль 2025 9764 2 дақиқа
Кеча, 3 февраль куни Тожикистонда 9 нафар маҳкум ахлоқ тузатиш муассасасининг қўриқчиларини ўлдириб, қочиб кетишга уринди. Бу ҳақда Тожикистон Республикаси Адлия вазирлиги жиноий жазоларни ижро этиш бош бошқармаси жамоатчилик билан алоқалар марказига таяниб, “Ховар” миллий ахборот агентлиги хабар берди.
Ҳодиса кеча, 3 февраль куни соат 15:44 да 3/2-сонли ахлоқ тузатиш муассасасида содир бўлган. 9 нафар маҳкумдан иборат гуруҳ уй қурилиши асбобларидан фойдаланган ҳолда қўриқчиларга ҳалокатли ҳужум қилган.
Агентликнинг хабар беришича, ҳужум оқибатида ўз хизмат вазифаларини бажараётган уч нафар ходим оғир тан жароҳатлари олган.
“Маҳкумлар муассаса маъмуриятининг қонуний талабларига бўйсунмай, қўлбола ўткир ва темир пичоқлар ёрдамида жиноий ҳаракатларини давом эттириб, муассасани қўриқлаётган аскарларни ўлдиришга ва қочишга уринган. Қўриқчилар қонун ва хизмат кўрсатмаларига мувофиқ ҳаракат қилиб, жиноятчиларга қарши ўқотар қурол ишлатишга мажбур бўлган. Натижада 3 нафар жиноятчи зарарсизлантирилиб, қолганлари қўлга олинди”, дейилади хабарда.
Билдирилишича, жароҳатланганларга ўз вақтида тиббий ёрдам кўрсатилган. Уларнинг саломатлик ҳолати нормал деб баҳоланмоқда. Муассаса эса одатдагидек ишламоқда.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йили сентябрь ойида Қозоғистон жанубидаги Туркистон вилоятида маҳбуслар қамоқда сақлаш режимига итоатсизлик билдириб, исён уюштирганди. Тартибсизликлар вақтида Миллий гвардиянинг икки нафар ҳарбийси ва бир полициячи тан жароҳатлари олган ва уларга тиббий ёрдам кўрсатилган. Октябрь ойида Россиянинг Липецк вилоятида олти маҳкум туннель қазиб, колониядан қочиб кетди. Шундан сўнг дастлаб Тамбов вилоятида маҳкумлардан 4 нафари, кейинчалик эса яна бир нафар маҳкум колониядан 50 км узоқликда қўлга олинган. Ноябрда эса Полинино қишлоғи ҳудудида колониядан қочган 6-маҳкум ҳам қўлга олинди.
Live
Барчаси