Тожикистон “Толибон”ни инклюзив ҳукумат яратишга чақирди
Олам
−
11 Октябрь
3884Афғонистоннинг барча сиёсий ва этник гуруҳлари ўртасида инклюзив ҳукуматни шакллантириш учун мулоқот зарур. Бу ҳақда Тожикистон Ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Содиқ Имомий Тожикистон-Россия парламентлараро форумида cўз очди.
Имомий террорчилик гуруҳларининг фаоллашуви ва наркотрафикнинг кучайиши билан боғлиқ хавотирини ҳам маълум қилган.
“Айнан шунинг учун бизнинг давлатларимиз Афғонистоннинг барча сиёсий ва этник кучлари вакиллари иштирокида инклюзив ҳукуматни шакллантиришга қаратилган тинчлик мулоқоти ушбу мамлакатнинг тинч ривожланиши учун муҳим кафолат эканлиги тўғрисида бир фикрга эга”, деди у.
Дипломат, шунингдек, Тожикистон қўшнисини озиқ-овқат ва электр энергияси билан таъминлаётганини, Афғонистон билан чегара бозорларини қайта тиклаганини таъкидлаган.
Имомийнинг сўзларига кўра, Тожикистон-Афғонистон чегараси бўйлаб МДҲ давлатларининг мақсадли дастури бўйича музокаралар 2024 йилда якунланади.
“Биз ушбу дастурнинг амалга оширилиши ва техник воситалар, қурол-яроғ билан таъминлашда назоратни ҳисобга олган ҳолда, чегара қўриқлашнинг янги бошқарув моделини яратиш имконини беради, деб умид қиламиз,” деди Имомий.
Қайд этилишича, бу баёнот “Толибон”нинг ҳозирги ҳукумати аллақачон инклюзив экани ҳақидаги ишончлар фонида янграган. Хусусан, “Толибон” Афғонистонда террорчилик гуруҳлари йўқлигини ва гиёҳванд моддалар билан жиддий кураш олиб борилаётганини даъво қилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Толибон” муваққат ҳукумати бош вазирининг сиёсий масалалар бўйича ўринбосари вазифасини бажарувчи Абдул Кабир қўшни давлатлардан афғон компаниялари учун қулай шароит сўраган эди.
LiveБарчаси