“Толибон” қўшни давлатлардан афғон компаниялари учун қулай шароит сўради
Олам
−
09 Октябрь
7024Афғонистондаги “Толибон” муваққат ҳукумати минтақа давлатлари билан алоқаларни мустаҳкамлаш ва ривожлантиришга ҳаракат қилмоқда. Бу ҳақда муваққат ҳукумат бош вазирининг сиёсий масалалар бўйича ўринбосари вазифасини бажарувчи Абдул Кабирга таяниб, “Ariana News” хабар берди.
Қайд этилишича, мазкур баёнот Қобулдаги Серена меҳмонхонасида бўлиб ўтган конференцияда эълон қилинган. Унда Эрон, Покистон, Япония, Туркия ва Хитой савдо-саноат палаталари вакиллари ҳам иштирок этган.
“Биз барча давлатларни афғон савдогарлари ва инвесторлари учун мавжуд тўсиқлар ҳамда муаммоларни бартараф этишга чақирамиз. Афғонистон тадбиркорлари учун муаммолар яратиш, йўлларни тўсиш ва солиқларни ошириш мамлакат ҳамда қўшни давлатлар ўртасидаги иқтисодий алоқалар ва ҳамкорликка зарар етказади”, деган Кабир.
Саноат ва савдо вазири вазифасини бажарувчи Нуриддин Азизийнинг маълум қилишича, Эроннинг Чабаҳар порти инфратузилмасидан фойдаланиш бўйича қатор музокаралар ўтказилган. Эрон томони афғонистонлик тадбиркорлар учун портда логистика майдонларини тақдим этишга ваъда берган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Толибон” муваққат ҳукуматида бош вазир ўринбосари вазифасини бажарувчи Абдул Ғани Бародар ва бошқа расмийлар шу ойда Россиянинг Қозон шаҳрида бўладиган BRICS саммитида иштирок этишни сўраб, Москвага хат йўллаган эди.
LiveБарчаси