Тожик-қирғиз можароси: ҳарбийлар чекинмоқда. Жапаров халққа мурожаат билан чиқди
Олам
−
30 Апрель 2021
19254Бугун, 30 апрель куни Тожикистон ва Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбарларининг учрашувидан сўнг томонлар барча масалаларни фақат музокаралар йўли билан ҳал қилишга тайёр эканликлари тўғрисида қўшма баёнот берди.
Баёнотда қуйидагилар қайд этилган:
- 30 апрель соат 13:00 дан бошлаб барча қўшин турлари ва ҳарбий техникаларни чегара ҳудудларидан олиб чиқиш ва жойига қайтариш бошланди;
- фуқароларнинг тўсиқсиз ҳаракатланиши учун йўллар очилади;
- 1 май куни Қирғизистоннинг Боткен вилоятида ҳукуматлараро комиссиялар йиғилиши бўлиб ўтади.
Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон билан телефон орқали мулоқот қилган Садир Жапаров қирғизистонликларга чегарадаги вазият юзасидан мурожаат қилди:
“Ҳозиргина Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон билан музокаралар ўтказдик. Чегара билан боғлиқ муаммоларни ва бошқа барча масалаларни музокаралар орқали тинч йўл билан ҳал қилишга келишиб олдик.
Ташаббус кўрсатиб, Боткенга ёрдам кўрсатиш учун боришни ният қилган ватанпарвар фуқароларимизга миннатдорчилик билдирмоқчиман. Шунингдек, мен улардан ҳиссиётларга берилмасликни сўрайман. Биз ҳамма нарсани тинч йўл билан ҳал қиламиз!”
Эслатиб ўтамиз, бугун, 30 апрель куни Қирғизистон ва Тожикистон раҳбарлари ўртаси бўлиб ўтган телефон мулоқотида Жапаров ва Раҳмон май ойининг иккинчи ярмида Душанбеда юзма-юз учрашув ўтказишга келишиб олган.
Ўз навбатида, Россия Президенти Владимир Путин Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги инқирозли вазиятни ҳал қилишда воситачилик қилишга тайёр эканини маълум қилган.
Қирғиз-тожик чегарасидаги можаро
Жорий йилнинг 17 апрель куни Тожикистон ва Қирғизистоннинг чегарадош қишлоқлари аҳолиси ўртасида жанжал юз берди. Бунга Қирғизистон томони Тожикистон билан келишмасдан икки давлат учун умумий бўлган асосий сув тақсимлаш иншооти – “Головная” олдида кўприк қуриш ҳаракатини бошлагани сабаб бўлди.
Шундан сўнг, Тожикистон томони “Головная” сув тақсимлаш пункти ёнидаги электр устунига видеокамералар ўрнатишни бошлаган. Бундан норози бўлган қирғизлар камераларни олиб ташлашни сўраган. Шу билан 28 апрель куни икки томон ўртасида дастлаб, оғзаки ҳақорат ва айтишувлар сўнгра, бир-бирига тош отиш бошланган.
Кейинчалик можарога икки томон чегара қўшинларининг аралашуви оқибатида тошбўрон отишмага айланиб кетди. Вазиятнинг кескинлашиши ортидан икки мамлакат чегара томон қўшимча ҳарбий бўлинмалар юборди.
Қирғизистон Республикаси Президенти Садир Жапаров 29 апрель куни Қирғизистон ҳукумати аъзолари билан Боткен вилоятидаги давлат чегарасининг қирғиз-тожик қисмидаги вазият бўйича тезкор йиғилиш ўтказди. Бишкекда эса боткенликларни қўллаб-қувватлаш учун намойиш бошланди.
Ўз навбатида, Ўзбекистон икки қўшни республика чегарасидаги можарога муносабат билдириб, томонларни тўқнашувларни дарҳол тугатиш, вазиятни барқарорлаштириш бўйича қўшма чораларни кўриш ва зиддиятларнинг янада ошишига олиб келиши мумкин бўлган ҳаракатлардан тийилишга чақирди.
29 апрель кунининг биринчи қисмида бошланган икки ўртадаги отишма томонларнинг саъй-ҳаракатлари билан куннинг охирида тўхтатилди.
Бироқ, 29 апрель куни тузилган ўқ узишни тўхтатиш тўғрисидаги сулҳ узоққа бормади. Эртаси куни, яъни 30 апрелда яна ҳарбий ҳаракатлар бошлангани ҳақида хабарлар пайдо бўла бошлади.
LiveБарчаси
Медведев Хитойга борди.
10:15