“Тотал қаршилик кўрсатамиз”. Украина Бош штаби фуқароларини Россияга қарши урушга чақирди

Олам

image

Украина Қуролли Кучлари Бош штаби фуқароларни Россия армиясига “тўлиқ қаршилик кўрсатиш”га чақирмоқда. Бу ҳақда Украина Қуролли кучлари Бош штаби Facebook'даги саҳифасида маълум қилди.

“Биринчи мақсад - Россия қўшинларининг ортдан келаётган калонналарини йўқ қилиш. Украина босқинчиларга тўлиқ қаршилик кўрсатишга ўтмоқда. Вақтинчалик босиб олинган ҳудудда бўлган фуқароларга мурожаат қиламиз. Сиз Украина Қуролли Кучларига ёрдам бера оласиз!”, дейилади хабарда.

Шунингдек, Бош штаб Россия Қуролли Кучларини моддий-техник таъминотдан маҳрум қилиш зарурлигини урғулаган. 

“Агар сизнинг аҳоли пунктингиздан Россия зирҳли техникалари карвони ўтган бўлса, унинг ортидан ёқилғи, ўқ-дорилар ва озиқ-овқат колоннаси ҳам ўтади. Зирҳли транспорт колоннасини ўтказиб юборинг. Уни бизнинг армиямиз кутиб олади. Ортдан келаётган колонналарни эса йўлида тўсиқлар яратинг. Ҳаракатиланишларига йўл қўйманг. Колонналар ҳаркатини кечиктиринг ёки уларни йўқ қилинг. Улар яхши қўриқланмайди ва жанговар тажрибага эга бўлмаган отряд бошқаради”, дея Бош штаб Украина фуқароларига чақириқ билан чиққан.

Ҳарбийлар фуқароларга ов қуроллари, молотов коктейллари ҳамда барча мавжуд воситалардан фойдаланишни тавсия этган. 

“Ўқ-дориларсиз танк - трактор. Ёқилғисиз - бу қуруқ темир уюмидир. Озиқ-овқатсиз эса душманлар таслим бўлишади”, дея урғуланган штаб хабарида.

Россиянинг Украинага босқини

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

18

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг