“Толибон” яна Панжшерни тўлиқ эгаллаганини эълон қилди
Олам
−
06 Сентябрь 2021
22596Афғонистоннинг Панжшер вилояти бутунлай “Толибон” назорати остига ўтди. Бу ҳақда Забиҳулла Мужоҳид хабар берган.
“Душман ёлланма аскарларининг охирги таянч пункти — Панжшер вилояти тўлиқ қўлга киритилди. Сўнгги пайтларда мамлакатда тўлиқ хавфсизликни таъминлашга қаратилган саъй-ҳаракатлар ҳам ўз натижасини берди ва Панжшер вилояти тўлиқ Ислом Амирлиги назоратига ўтди”, деган Мужоҳид.
Унинг қўшимча қилишича, исёнчиларнинг бир қисми мағлуб бўлган, бошқалари қочиб кетган. “Толибон” Панжшер аҳолисини зулм қилмасликка ишонтирди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 3 сентябрь куни ҳам “Толибон” Панжшер вилоятини эгаллагани айтилганди.
Ўз навбатида, Панжшер манбаси водий эгалланмаганини ва ҳалигача “Толибон”га қаршилик кўрсатишда давом этаётганини айтганди.
Панжшер — “Толибон”га бўйсунмаган ягона вилоят
Ушбу вилоят Афғонистонинг шарқида жойлашган бўлиб, у ерда тахминан 150 минг аҳоли яшайди. Қайд этиш керакки, вилоятнинг 98 фоиз аҳолиси этник тожиклардан ташкил топган. Панжшерда “Толибон”га қарши кучлар тўпланаётгани ҳам айтилмоқда ва ҳозирда ушбу провинция толибларга қаршилик кўрсатиш маркази бўлиши тахмин қилиняпти.
Бу ерда Афғонистоннинг бир қатор нуфузли сиёсий фигуралари жамланган: мамлакатнинг 1992-1996 йиллардаги Мудофаа вазири, машҳур “дала қўмондони” Аҳмад Шоҳ Масъуднинг ўғли Аҳмад Масъуд, биринчи вице-президент Амруллоҳ Солиҳ, Маршал Aбдул-Рашид Дўстум ҳамда унинг ўғли Ёрмуҳаммад Дўстум.
Афғонистондаги вазият
АҚШнинг Афғонистонда 20 йил давом этган ҳарбий операцияси Президент Жо Байден даврига келиб якунланди. АҚШ қўшинлари жорий йилнинг 31 август куни мамлакатни тарк этди. Бунга қадар Европанинг бошқа давлатлари, жумладан Британия ва Германия ҳам мамлакатни тарк этди. Ушбу жараён якунланмасидан “Толибон” ҳаракати пойтахт Қобулни эгаллаб, жорий йилнинг 15 август куни Афғонистон Ислом Республикасини қулатди. 19 август кунига келиб толиблар Афғонистон Ислом Амирлиги тузулганини эълон қилди.
LiveБарчаси