“Толибон” Панжшерни эгаллаганини айтмоқда. Қаршилик кучлари эса буни рад этди
Олам
−
03 Сентябрь 2021
18024Бугун, 3 сентябрь куни “Толибон” Панжшер вилоятини эгаллади. Шу тариқа бутун Афғонистон толиблар қўлига ўтди. Бу ҳақда РИА Новости ҳаракат вакилларига таяниб ёзмоқда.
“Толибон” вакили Билол Каримийнинг нашрга маълум қилишича, айни вақтда ҳаракат Афғонистоннинг Панжшер вилоятини тўлиқ ўз назоратига олган.
Ўз навбатида, “Спутник” нашри Панжшердаги манбасига таяниб хабар беришича, водий эгалланмаган ва ҳалигача “Толибон”га қаршилик кўрсатишда давом этмоқда.
Қайд этилишича, айни вақтда Панжшер атрофи тинч ҳатто, ўқ овози ҳам эшитилмайди.
Эслатиб ўтамиз, ҳаракат жангарилари кеча, 2 сентябрда бўйсунмас Панжшерга сўнгги зарбани беришга тайёргарлик кўрганди. Бугун, 3 сентябрь куни эса икки куч ўртасида ҳарбий тўқнашувлар бўлгани ҳақида хабарлар тарқалди.
Афғонистон Ислом Республикасининг қулаши
Маълумот учун, жорий йилнинг май ойида АҚШ бошлиқ халқаро коалиция кучлари Афғонистонни тарк этишни бошлаши билан "Толибон" ҳаракати ҳукумат назоратидаги ҳудудларни эгаллаб ола бошлади. Август ойига келиб, толиблар йирик шаҳарларга юриш бошлади.
Орадан кўп ўтмай, жорий йилнинг 15 август куни Қобулнинг “Толибон” қўлига ўтиши билан Афғонистонда ҳаракат ҳокимияти ўрнатилди. Президент Ашраф Ғани эса истеъфо берганини ҳамда мамлакатни тарк этганини маълум қилди. Ҳокимиятни "Толибон"га ўтишини таъминлаш учун Мувофиқлаштириш кенгаши тузилиб, унга Абдулла Абдулла ва Ҳамид Карзай киритилганди.
Жорий йилнинг 19 август куни эса ҳаракат расмий баёнот билан чиқиб, мамлакатда Ислом Амирлиги тузилганини эълон қилди. "Толибон" вакили Воҳидулла Ҳошимий ҳаракат Афғонистонда демократик давлат қурмаслигини маълум қилди.
Қайд этиш керакки, ҳозирда фақатгина Панжшер вилояти толиблар ҳокимиятини тан олмаяпти. Вилоятда "Толибон"га қарши кучлар йиғилмоқда. Уларга эса машҳур "дала қўмондони" Аҳмад Шоҳ Масъуднинг ўғли Аҳмад Масъуд бошчилик қиляпти.
LiveБарчаси