“Толибон” ўзи нимани хоҳлайди?
Олам
−
26 Июнь 2021
68926“Толибон” биринчи навбатда АҚШ қўшинларининг Афғонистонни тарк этишини хоҳлайди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов “ThisisAmericaTV” лойиҳаси учун берган интервьюсида айтиб ўтди.
Америкалик телебошловчи Деннис Вулейнинг “толиблар нимани истайди?”, деган саволига Ўзбекистон ТИВ раҳбари табассум билан [хорижий давлатлар қўшинларининг] мамлакатни тарк этишини, дея жавоб берган. Шунда телебошловчи Вулей толиблар бунга эришганини қайд этиб, уларнинг кейинги қадами қандай бўлишини сўраган.
“Афғонистондаги можаро фуқаролик уруши эди. Бу шунчаки АҚШ ёки НАТО қўшинларига қарши кураш эмас. Бу фуқаролик уруши ва жамият бўлиниб кетган. Улар ўзаро урушади”, дейди Комилов.
Ўзбекистон ТИВ раҳбари халқаро ҳамжамият Афғонистонга ёрдам бериши кераклиги қўшимча қилган.
“Мавжуд ҳукумат ва ҳарбий мухолифат осонгина ўзаро келишувга эришади деган ҳаёл йўқ. Бу ўринда жаҳон ҳамжамияти ҳар иккисига ҳам ёрдам бериши керак. Биз мамлакатдаги вазиятнинг жиддийлигини беэътибор қолдира олмаймиз ва Афғонистонда миллий ярашув келишувига эришилиши учун қатъий турамиз”, дейди у.
Абдулазиз Комилов толиблар ҳаракатининг ҳимоячиси сифатида кўринишни истамаслигини таъкидлаб, Афғонистон Ислом амирлиги веб-сайтида “Толибон” қурмоқчи бўлаётган мамлакатни тасвирлаб берган мақолага ишора қилди.
“Жуда қизиқарли мақола. Улар [толиблар] ташқи кучларнинг аралашувисиз мустақил ва суверен мамлакатни исташларини айтмоқдалар. “Биз ўз ҳудудимизнинг хорижий ҳарбий кучлар томонидан босиб олинишини истамаймиз. Биз аёллар, қизлар ва бошқаларнинг ҳуқуқларини кафолатламоқчимиз. Аёллар таълим, тиббиёт ва бошқа соҳаларда ишлашлари мумкин. Биз қўшни мамлакатлар билан дўстона алоқалар ўрнатмоқчимиз ва ҳоказо”, дея Комилов толиблар нимани истаётганини санаб ўтган.
Вазир шунинг учун “ҳукумат ва мухолифатнинг умумий манфаатларига хизмат қиладиган ишларнинг кенг доираси мавжуд”, деб ҳисоблайди.
“Улар бу майдонни кенгайтириб, афғон жамияти манфаатлари йўлида келишувга эришишлари керак. Бундан ташқари, айрим мухолифат вакиллари агар афғонлар президентлик республикасини танласа, биз ҳам рози бўламиз, деб айтганини эшитдим”, дейди Комилов.
Аввалроқ Комилов Ўзбекистоннинг Марказий Осиёда лидерлиги борасида фикр юритиб, мамлакат ўз масъулятини ҳис қилишини, бироқ минтақада етакчи роль ўйнашни истамаслигини таъкидлаганди. Бунлдан ташқари, у биринчи бўлиб расмий Тошкент “Толибон” билан тўғридан-тўғри алоқа ўрнатганини айтган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ТИВ раҳбари жорий йилнинг 27 июнь – 4 июль кунлари амалий ташриф билан Америка Қўшма Штатларида бўлади.
Фаоллашиб қолган “Толибон”
Қайд этиш керакки, АҚШ ўз қўшинларини Афғонистондан олиб чиқишни бошлагандан бери “Толибон” кескин ҳаракат қилмоқда. Тасдиқланган маълумотларга кўра, сўнгги ўн кун ичида Афғонистоннинг Тожикистон билан чегарадош тўрт вилоятида ҳукумат кучлари ва “Толибон” ўртасида тўқнашувлар бўлган.
Натижада Таҳор вилоятининг Чаҳеб, Янги Калъа, Даркад, Дашти Қалъа, Хожағор туманлари, Қундуз вилоятининг Дашти Арчи, Имом Соҳиб ва Қалъаи Зол туманлари, шунингдек Шерхон-Бандар ва Кокул назорат пунктлари “Толибон” назорати остига ўтди. БМТ маълумотига кўра, 22 июнь ҳолатига Афғонистоннинг 50 дан ортиқ туманини эгаллаган.
Сўнгги кунларда толиблар билан жангларда оғир зарбага учраган афғон қўшинларининг қўшни республикалар ҳудудига қочиб ўтиш ҳолатлари кузатилди. Жумладан, жорий йилнинг 22 июнь куни 130 дан ортиқ афғон ҳарбийлари чегарадош Тожикистонга, 23 июнь куни эса уларнинг 53 нафари Ўзбекистонга қочиб ўтган.
Чегардош давлатларнинг реакцияси
Воқеаларнинг бундай ривож олиши Афғонистонга чегарадош бўлган давлатларни сергак тортишга мажбур қиляпти. Жумладан Афғонистон билан деярли 1000 километр чегара ҳудудига эга бўлган Эрон ҳам мамлакат хавфсизлигини таъминлаш чораларини кўрмоқда. ОАВнинг ёзишича, расмий Теҳрон, аллақчон, чегара ҳудудларига Т-72С, БМП-2 танклари ва бошқа зирҳли ҳарбий техника юборган. Шунингдек, Ўзбекистон ҳам ҳарбий округларида қўшинларни жанговар шайликка келтириш бўйича режага асосан амалий машғулотлар бошлаган. Бундан ташқари, республика 22 июнь куни Афғонистон билан чегарани вақтинча ёпган.
АҚШ қўшинларининг Афғонистонни тарк этиши
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг май ойида АҚШ Афғонистондан ўз қўшинларини олиб чиқиш ишларини бошлаб юборди. Шу вақтгача Америка ўз ҳарбий контингентининг учдан бир қисмини бу мамлакатдан олиб чиқиб кетди.
Маълумот ўрнида, 2020 йил февраль ойи охирида АҚШ ва “Толибон” тинчлик шартномасини имзолади. Келишувга кўра, Америка қўшинлари шартнома тузилганидан 14 ой ўтгач, аниқроғи 2021 йилнинг майигача Афғонистонни тарк этиши керак эди. Бироқ бу жараённинг “старт” олиши бироз кечикди.
Жорий йилнинг 14 апрель куни Президент Жо Байден АҚШнинг Афғонистондаги миссияси якунланганини ва 1 майдан бошлаб ушбу мамлакатдан қўшинларини олиб чиқишни бошлашини эълон қилди. Унга кўра, қўшинларни олиб чиқиб кетиш 11 сентябргача якунланиши керак.
LiveБарчаси