Комилов Ўзбекистоннинг бўлажак қадамлари ва Афғонистоннинг келажаги ҳақида гапирди

Жамият 2816
image

Ўтган 5 йил ичида Марказий Осиё давлатлари учун чегараларини очган Ўзбекистон эндиликда минтақа мамлакатлари билан ҳар томонлама мустаҳкам ҳамкорликни йўлга қўймоқчи. Бу ўринда Афғонистон ҳам Марказий Осиёнинг бир қисми бўлиши керак. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов “ThisisAmericaTV” лойиҳаси учун берган интервьюсида айтиб ўтди.

Америкалик телебошловчи Деннис Вулейнинг “Ўзбекистон чегараларни очди, мамлакатнинг кейинги қадами нима бўлади?”, деган саволига Ўзбекистон ТИВ раҳбари қуйидагича жавоб берди: 

“Биз чегараларни очдик. Кейинги қадам — барча қўшни давлатлар билан сиёсий, иқтисодий ва хавфсизлик бўйича ҳамкорлигимизни кучайтириш. Бундан ташқари, халигача ечим топмаган [минтақа] муаммолари режамиздан ўрин олган. Шу сабаб биз қўшнилар билан музокараларни давом эттирамиз, лекин энди улар ўзаро ишонч, ўзаро тушуниш ва дўстликка асосланган бўлади”.

Деннис Вулей Комиловнинг минтақада сақланиб қолаётган муаммоларга тўхталганига эътибор қаратиб, “Толибон” тўғрисида сўз очди. У АҚШ қўшинлари Афғонистонни тарк этаётганини эслаб ўтиб, дипломатдан нималарни ҳис қилаётганини сўради.

“Биринчи навбатда билишимиз керакки, ушбу масалага қуролли ечим йўқ. Иккинчи энг муҳим нарса, Афғонистон Марказий Осиёнинг бир қисми бўлиши керак, бир яхлит умумий минтақа сифатида. Учинчидан, Афғонистон тинчлик жараёнига нисбатан якдил бир халқаро ва минтақавий ёндашув бўлиши жуда муҳим. Шу сабабли биз Доҳа ва бошқа жойларда ўтказилган барча турдаги музокаралар жараёнини қўллаб-қувватлаймиз”, дейди Комилов.

Ташқи ишлар вазири сўзида давом этар экан, биринчи бўлиб Ўзбекистон “Толибон” раҳбарияти билан тўғридан-тўғри алоқа ўрнатганини қайд этган.

“[Толиблар билан алоқа ўрнатилганидан сўнг] дастлаб, “Толибон”ни тан олган сифатида биз танқидга учрадик. Савол шундан иборатки, [хорижий давлатлар қўшинлари Афғонистонни тарк этганидан сўнг] мамлакатда қандай сиёсий тузум бўлади? Албатта, биз ушбу давлатнинг 90-йиллардаги ҳолатини қабул қила олмаймиз — Афғонистон Ислом Амирлиги (1996-2001). Шу ўринда ўйлаймизки, ушбу муаммо мавжуд ҳукумат ва ҳарбий мухолифат (“Толибон” назарда тутилган — таҳр.) ўртасида ўзаро муросага келиш асосида ҳал қилиниши керак.

Бу нимани англатади? Бу шуни англатадики, [Афғонистондаги сиёсий тузумда] албатта, муҳим Ислом қоидалари бўлиши керак ва бу, албатта Ислом давлати бўлади. Чунки аҳолининг катта қисми мусулмонлардан иборат. Лекин шу ўринда ўтган 9 йил давомида эришилган демократик ютуқларни, жумладан мавжуд ҳукумат, сайловлар, қуролли кучлар, хавфсизлик кучлари, аёл ва қизларнинг ҳақ-ҳуқуқлари ҳамда фуқаролик жамиятини беэътибор қолдириб бўлмайди. Шу билан биргаликда биз исломий қадрятларни ҳурмат қилимишиз керак”, дейди Комилов.

Маълумот ўрнида, Марказий Осиё минтақасига Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон ва Тожикистон киради. Баъзи манбалар ушбу минтақага Афғонистонни ҳам киритган.

Аввалроқ Комилов Ўзбекистоннинг Марказий Осиёда лидерлиги борасида фикр юритиб, мамлакат ўз масъулятини ҳис қилишини, бироқ минтақада етакчи роль ўйнашни истамаслигини таъкидлаганди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ТИВ раҳбари жорий йилнинг 27 июнь – 4 июль кунлари амалий ташриф билан Америка Қўшма Штатларида бўлади.

Фаррухжон Муродқулов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 44
Рейтинг: 3
t
×