Temu ёпилмайдиган бўлди
Жамият
−
18 Март
4879Хитойнинг Temu онлайн маркетплейси Ўзбекистонда юридик шахс сифатида рўйхатдан ўтди. Бу ҳақда Солиқ қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.
“Солиқ қўмитаси: Temu маркетплейси юридик шахс – Ўзбекистон Республикаси резиденти сифатида рўйхатдан ўтди. Бироқ ўтган даврлар учун маркетплейс билан муҳокама қилинадиган масалалар мавжуд. Ҳозирда музокаралар олиб борилмоқда ”, дейилади хабарда.
Билдирилишича, ушбу жараён якунига етказилиб, унинг фаолияти юзасидан якуний хулоса эълон қилинади.
Маълумот учун, жорий йил 9 март ҳолатида ўзбекистонликлар учун Play Market’да энг кўп юклаб олинган иловалар рўйхатида Temu 35-ўринда қайд этилган бўлса, 10 март ҳолатида ТОП-50 таликдан ҳам чиқиб кетган. Бу кунлари мазкур рўйхатда Chat GPT биринчи ўринда қайд этилган ва шу тариқа энг кўп юклаб олинган илова бўлган.
Худди шу каби, 9-10 март кунлари App Store иловалар дўконида Temu юқори 50 талик рўйхатда кўринмаган.
Таққослаш учун, 1 ой аввал – 11 февраль куни Temu ҳам Play Market, ҳам App Store’да ўзбекистонликлар энг кўп юклаб олган илова бўлган ва ҳар иккала иловалар дўконида 1-ўринни қайд этган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги электрон тижорат бошқармаси бошлиғи Камронбек Муҳаммадиев Temu’нинг қонуний бизнес ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилишни таъминлашга, Ўзбекистон бозорига расман киришда ёрдам кўрсатишга тайёр эканини, бунинг учун компания мурожаат қилиши кераклигини бироқ шу пайтгача Temu бундай қизиқиш билдирмагани айтган эди. Шунингдек, компания агар шартлар бажарилмаса, уларнинг фаолияти тўхтатилиши, ҳатто блокировка қилинишидан огоҳлантирилганини қайд этганди.
Кейинроқ эса 20 мартдан бошлаб Ўзбекистон қонунчилиги талабларига мувофиқ Temu платформасидан фойдаланиш белгиланган тартибда чекланиши хабар қилинганди.
LiveБарчаси