Temu Ўзбекистонда блокланиши мумкин
Жамият
−
27 Февраль
7571Сўнгги пайтларда ўзбекистонликлар орасида оммалашаётган Хитойнинг Temu маркетплейси Ўзбекистонда блокланиши мумкин. Бу ҳақда Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги электрон тижорат бошқармаси бошлиғи Камронбек Муҳаммадиев маълум қилди.
Унинг билдиришича, жорий йилнинг 1 июлидан Ўзбекистонда халқаро платформалар учун янги қоидалар, хусусан, хабардор қилиш тартиби ва электрон тижорат субъектларининг махсус реестри жорий этилади. Бунда асосий талаб Ўзбекистонда фаолиятни қонунийлаштириш ва резидент юридик шахсни рўйхатдан ўтказиш бўлиб, у 2024 йилнинг 28 декабридан кучга кирган.
Муҳаммадиевга кўра, Temu компанияси хориждаги янги бозорларга чиқиш бўйича агрессив маркетинг стратегиясига эга. ИЛМА Temu’нинг қонуний бизнес ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилишни таъминлашга, Ўзбекистон бозорига расман киришда ёрдам кўрсатишга тайёр. Бунинг учун компания мурожаат қилиши лозим. Лекин шу пайтгача Temu бундай қизиқиш билдирмаган. Компания агар шартлар бажарилмаса, уларнинг фаолияти тўхтатилиши, ҳатто блокировка қилинишидан огоҳлантирилган.
Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирининг маслаҳатчиси, жамоатчилик фаоли Расул Кушербаев ҳам хабарларга муносабат билдирди. Унга кўра, бундай платформалар учун ҳуқуқий тартиб ўрнатиш ва лицензиясиз компаниялар фаолиятини чеклаш адолатли қадам.
“Бу маҳаллий тадбиркорлар учун тенг шарт-шароит яратишга, давлат бюджетига солиқ тушумларини оширишга ва шубҳали онлайн платформалар орқали фирибгарлик хавфини камайтиришга ёрдам беради”, дейди у.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 2024 йилда Meta, Google, Apple ва шу каби электрон хизматлар кўрсатувчи 63 та хорижий компания Ўзбекистонда қарийб 116 млрд сўм солиқ тўлагани хабар қилинганди. Бу 2023 йилга нисбатан 1,5 баробар кўп дегани.
LiveБарчаси