Сурхондарёдаги давлат боғчаси ичимлик суви билан таъминланмагани аниқланди
Жамият
−
21 Август
2004Сурхондарё вилоятининг Қумқўрғон туманида яқинда қуриб битказилган мактабгача таълим муассасаси ичимлик суви билан таъминланмагани, бинода совитиш тизимлари йўқлиги аниқланди. Бу ҳақда Болалар омбудсмани хабар берди.
Қайд этилишича, вилоятда яшовчи A.Н. исмли эркакдан келиб тушган мурожаатга асосан олиб борилган ўрганиш ишларида муассаса ҳовлисидаги барча дарахтлар ҳам суғоришсиз қуриб қолгани аниқланган.
Шундан сўнг мактабгача таълим ташкилоти хоналарига 4 дона совутгич техникаси ўрнатилган ва ичимлик суви сақланадиган 4 тонна сиғимдаги махсус иншоот тоза ичимлик суви билан тўлдирилиши таъминланган.
“Ҳозирда ҳудудий бюджетдан 2024 йил харажатлар сметасига мазкур давлат мактабгача таълим ташкилотига маблағ ажратилиши ва 980 метр узоқликдан тоза ичимлик суви қувури тортилиб, боғча тоза ичимлик суви билан таъминланиши режалаштирилган, бунинг ижроси устидан вилоят прокуратураси назорат олиб боради”, дейилган хабарда.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари, “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси раҳбари Алишер Қодиров Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова лавозимга тасдиқланганидан бери Олий Мажлис Қонунчилик палатасига бирон марта ҳисоботга келмаганини айтганди.
LiveБарчаси