Вазир Умарова ҳалигача Қонунчилик Палатасига ҳисоботга келмади – Алишер Қодиров
Жамият
−
14 Август
27609Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова лавозимга тасдиқланганидан бери Олий Мажлис Қонунчилик палатасига бирон марта ҳисоботга келмади. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари, “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси раҳбари Алишер Қодиров ўзининг Telegram-каналида ёзди.
“Вазир Умарова Қонунчилик Палатасига, тасдиқланиб кетганидан кейин бирон марта ҳам ҳисоботга келмади. Давлат раҳбари айтганидек: Парламентга муносабат халққа муносабатни кўрсатади… Тарбия ва таълимда статистика билан ўзимизни алдамаслигимиз керак, бу келажакка хиёнатдан бошқа нарса эмас!” деб ёзади депутат.
Унинг айтишича, ҳукуматнинг давлат дастури ижроси бўйича ярим йиллик ҳисоботи тингланган ва “Миллий тикланиш” партияси фракцияси анъанавий тарзда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги фаолиятига эътибор қаратган.
“Тарбия ва таълим – ислоҳотларнинг энг устувор масаласи сифатида қабул қилиниб, керагича маблағ ажратилаётган бўлса-да, вазирлик етарли ишлар қилмаяпти деб ҳисоблаймиз, чунки боғча ва мактаб ўзгармаяпти”, дейди Алишер Қодиров.
У масъуллар тарбия ва таълимда натижа кўриниши учун вақт кераклигини айтаётгани, бироқ вақти келиб натижа кўриниши учун бугун тизимли ишлар бўлиши кераклигини урғулади. Шунингдек, Қодиров боғчада 126 минг тарбиячининг 48 минг нафари олий маълумотга эга эканини таъкидлаб, “Тарбиянинг ҳал қилувчи босқичи кимларнинг қўлида?” деган саволни ўртага ташлаган.
“20 йил ишлаб, малака топмаган, ёки, қўлида дипломи билан соҳада адашиб юрганини жуда яхши биладиган, бошқа иш чиққунча боғча ёки мактабда кун санаб юрганларни малакасини ошириш учун пул сарф қилишда маъно борми?” дейди Алишер Қодиров.
Унинг фикрича, тарбиячи ҳам, ўқитувчи ҳам иш ўрнини йўқотмаслик учун ўз устида тинимсиз ишлаши, иш берувчи олдида малакасини тасдиқлаши керак. Бу харажатларни камайтириб, маошларни жозибали қилиш учун қўшимча манба яратади, ҳамда тарбиячи ва ўқитувчиларни рақобатбардош қилади, тарбия ва таълим сифатини оширади.
“Балки депутатлар жойларда кўзи билан кўраётганлари хатодир? Вазирлик ажойиб ишларни қилаётгандир? Буни халқ вакилларига ким изоҳлайди?” дейди Қодиров.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Наманган вилояти Поп тумани 43-мактаб директори мактабда таътил бўлишига қарамай, педагогларни таълим масканига чақириб, соат 16:00 гача ўзларига тегишли бўлмаган вазифаларни бажаришга, яъни мактаб ҳудудидаги ўт-ўлан, беда ва ажриқларни юлишга мажбур қилгани ҳақида хабар берилганди. Шундан сўнг директорга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 51- моддаси (Меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаш) 1-қисмига асосан базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баравари миқдорида жарима жазоси қўлланди.