ССВ портлашдан жабрланганлар сонини очиқлади
3-саҳифа
−
28 Сентябрь 2023
11970Бугун, 28 сентябрь куни Тошкент шаҳри Сергели туманида содир бўлган портлашда 163 нафар фуқаро жабрланди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Сергели туманидаги "Қурувчилар" даҳасида содир бўлган портлаш оқибатида жабрланганларнинг умумий сони 163 нафарни ташкил этмоқда. Шундан жами 24 нафари Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази ва унинг Тошкент вилояти филиали, Тошкент шаҳар тез тиббий ёрдам шифохонаси, 1-сонли Республика ва 1-сонли шаҳар клиник шифохоналари ҳамда 1-сонли шаҳар туғуруқхонасига ётқизилган.
Қолган 138 нафар жабрланган аҳоли вакилининг саломатлиги яхши бўлганлиги учун амбулатор тиббий ёрдами кўрсатилиб, уйига жавоб берилган.
Билдирилишича, ҳодиса оқибатида 2006 йилда туғилган бир нафар ўсмир воқеа жойида вафот этган ва шифохонага тириклик аломатлари бўлмаган ҳолда олиб келинган.
“Айни пайтда юқоридаги шифохоналарда даволанаётган беморлар орасида ўта оғир тан жароҳати олганлар йўқ. Уларнинг саломатлиги қониқарли. Беморларга тиббий хизмат кўрсатиш учун хирург, травматолог, нейрохирург, невропатолог, юз-жағ жарроҳи, акушер-гинеколог каби республикамизнинг энг етакчи мутахассислари жалб қилинган”, дейилади вазирлик хабарида.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сергели туманидаги “Қурувчилар” даҳасида “Inter Logistics” МЧЖга қарашли омборхонада содир бўлган портлаш оқибатларини бартараф этишга Миллий гвардия отрядлари жалб этилгани ҳақида хабар берилган эди.
Воқеа жойига Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умрзоқов ва Бош вазир Абдулла Арипов етиб бориб, ҳолатни назоратга олган. Шаҳар ҳокимининг маълум қилишича, етказилган моддий зарар қоплаб берилади.
“Биз бу масалани 2-3 кун ичида ҳал қиламиз”, деган у.
LiveБарчаси