Сергелида нима портлагани, ёнғин қаердан чиққани маълум бўлди
3-саҳифа
−
30 Сентябрь 2023
66913Жорий йилнинг 28 сентябрь куни Тошкент шаҳри Сергели туманидаги “Қурувчилар” даҳасида жойлашган “Inter Logistics” МЧЖга қарашли омборхонада ёнғин чиқиши, сўнг портлаш содир бўлишига омборхонада сақланган кимёвий моддалар сабаб бўлган. Бу ҳақда QALAMPIR.UZ манбаси терговга оид дастлабки маълумотларга асосланиб хабар берди.
“Ушбу омбордан тадбиркорлар ижара шартномаси асосида фойдаланиб келган. Бироқ, омборда кимёвий моддалар сақлаш мумкин бўлмаган, устига устак уларни сақлаш бўйича хавфсизлик қоидалари қўпол равишда бузилган”, дейди манба QALAMPIR.UZ билан суҳбатда.
Унинг билдиришича, кимёвий моддаларнинг ўзаро аралаш ҳолатда сақланиши оқибатида ёнғин ва портлаш келиб чиққан.
Маълумотларга кўра, омборда пероксид водород сақланган.
Портлаш ортидан 4 киши ҳибсга олинди. Улар ушбу омборхона ҳудудида ижара шартномаси асосида фаолият юритиб келаётган тадбиркорлик субъектлари директорларидир.
Қайд этилишича, ИИВ Тергов департаменти томонидан Жиноят кодексининг 259-моддаси (ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 2-қисми “а” ва ”б” бандлари билан жиноят иши қўзғатилган. Ва жиноий процессуал тартибда 4 киши қўлга олинган.
Қўлга олинганларнинг шахси, ушбу омбор ҳудудида қандай корхоналар ижара шартномаси асосида фаолият юритгани QALAMPIR.UZ’га маълум эмас.
LiveБарчаси