Сергелидаги портлаш бўйича 4 киши қамоққа олинди

Жамият

Тошкент шаҳар, Сергели туманидаги омборхонада содир бўлган портлашдан сўнг 4 киши қамоққа олинди. Бу ҳақда Ҳукумат комиссияси хабар бермоқда.  

Маълум қилинишича, ёнғин ва портлашдан умумий жабрланганлар сони 163 нафарни ташкил этмоқда, уларнинг 150 нафари енгил ва 13 нафари оғир тан жароҳати олган. Бир нафар вояга етмаган фуқаро олган оғир тан жароҳатлари оқибатида вафот этган.

“Жароҳат олганларнинг 24 нафари шифохонага ётқизилиб, уларга тегишли тиббий ва психологик ёрдам кўрсатилган. Қолган 138 нафари амбулатор даволанишга юборилган. Ҳозирда жароҳатланган барча фуқароларнинг саломатлиги тикланиб, уйига рухсат берилган”, дейилади хабарда.

Айтилишича, 400 та эҳтиёжманд оилага озиқ-овқат маҳсулотлари етказилди ҳамда уларнинг 100 нафар вояга етмаган фарзандига моддий ёрдам кўрсатилган.

“Фавқулодда вазият оқибатида 39 та кўп қаватли уйлардаги 1370 та хонадон ҳамда 246 та ерли хонадоннинг фасад, ойна-ром, эшик ва том қисмига зиён етказилган ва умумий зарар миқдори 14,5 млрд сўмни ташкил этмоқда”, дейилади Ҳукумат комиссияси хабарида.

Фавқулодда вазият оқибатида ҳудуддаги 305-сон умумтаълим мактаби (1250 ўринли) ва 600-сон боғчанинг (720 ўринли) дераза-ромлари, эшик ва фасад қисмига зарар етган.

Маълумотларга кўра, ёнғин бошланган жой ва портлаш ўчоғи металл ва “сэндвич” панеллардан қурилган омборда юз берган. Ёнғин ва портлаш оқибатида омборнинг металл конструкциялари деформацияга учраб, қулаб тушган.

“Ёнғин содир бўлган омборхонада катта миқдорда кимёвий моддалар, қурилиш ва бошқа маҳсулотлар белгиланган талабларга риоя қилинмасдан аралаш ҳолда сақлаб келинган”, дейилади хабарда.

Ҳодиса жойидан олинган намуналар асосида ўтказилган кимёвий тадқиқотлар, омборда полиэфирлар, ксилол, углеводородлар, натрий гидроксид, водород пероксиди, этилен гликол ва юқори молекуляр карбон кислота эфирлари каби кимёвий моддаларнинг мавжудлигини кўрсатган.

“Бу моддалар омборхонада сақланаётган водород пероксиди, алкид смоласи, алкилбензолсульфон кислотаси, латех, полиэфир смоласи, каустик сода моддалари ва лак маҳсулотларининг таркибий қисмлари бўлиб, ёнғин ва портлаш хавфи юқори ҳисобланади”, дейилади маълумотда.

Портлашга омборхонада сақланаётган кимёвий модда ва материалларнинг ўзаро таъсирланиши ва кимёвий ўз-ўзидан ёниши юзага келиши сабаб бўлган.

Ҳолат юзасидан Ички ишлар вазирлиги Тергов департаменти томонидан Жиноят кодексининг 259-моддаси 2-қисми “а” ва “б” бандлари билан жиноят иши қўзғатилган.

Жиноят иши бўйича 4 нафар шахсга нисбатан “қамоққа олиш”, 1 нафарига нисбатан “гаров” эҳтиёт чораси қўлланилган.

Маълумот ўрнида, Жорий йилнинг 28 сентябрга ўтар кечаси Тошкент шаҳри Сергели туманидаги "Қурувчилар" даҳасида "Inter Logistics" МЧЖга қарашли омборхонада кучли портлаш содир бўлган эди.

Аввалроқ, Сергелида қанча бойликлар ёниб кетгани ҳақида QALAMPIR.UZ махсус репортаж тайёрлаган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Сергелидаги портлаш

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг