Сергелида қанча бойликлар ёниб кетди?
3-саҳифа
−
30 Сентябрь 2023
1681628 сентябрдан буён оммавий ахборот воситалари Сергели туманида юз берган кучли портлаш ҳақида ёзмоқда. Ҳозиргача бу фожиа оқибатида қанча уйга зарар етгани, портлаш содир бўлган ҳудуд яқинидаги фуқароларнинг уйи таъмирланаётгани ва бир нафар бола вафот этгани ҳақида кўп гапирилди. Портлаган омбор кимга тегишли, у ерда нималар сақланган ва тунги навбатчиликда бўлган ходимлар тирик қолганми, деган саволларга ҳануз аниқ жавоб йўқ. QALAMAPIR.UZ бугун, 30 сентябрь куни портлаш содир бўлган “Inter Logistics” МЧЖ ҳудудида бўлди ва ушбу саволларга жавоб топишга ҳаракат қилди.
Юридик шахслар ягона реестридаги маълумотларга кўра, “Inter Logistics” МЧЖ 2016 йилда рўйхатга олинган. Компания нотурар жой биноларини ижарага бериш ва бошқариш билан шуғулланади. Маълумотларга кўра, “Inter Logistics” МЧЖга тегишли ҳудуддаги тижорат омборининг умумий майдони 20 минг кв метрдан зиёд. МЧЖга тегишли ер майдонида божхона омбори ҳам бўлиб, у 12 850 кв метрни ташкил этади. Бу омбор тадбиркорларнинг Ўзбекистонга олиб келган ва “растаможка” қилинмаган товарларини ўзаро келишув асосида сақлаб туради. Биздаги маълумотларга кўра, “Inter Logistics” МЧЖ ҳудудидаги барча очиқ ва ёпиқ турдаги омборларда божхона расмийлаштирувчидан ўтган маҳсулотлар сақланади.
“Inter Logistics” МЧЖда бўлим бошлиғи лавозимида фаолият олиб борадиган Бахтиёр Зайнуддиновнинг айтишича, бу омбор Божхона органларидан лицензия олган ҳолда ишлайди.
“Тижорат омборларининг божхона омборларидан фарқи шуки, тижорат омборидагилар жойни шартнома асосида ижарага олиб ишлатади. Бу ерда нафақат хориждан олиб келинган, балки ўзбекистонда ишлаб чиқарилган товарлар ҳам сақланади. 28 сентябрь куни содир бўлган портлаш тижорат омборида юз берган. (!) У ерда қандай маҳсулотлар сақлангани ҳақида батафсил маълумотим йўқ. Бизни жавобгарлигимиз Божхона омборга боғлиқлиги сабабли у ерга кириш ва аралашишга ваколатимиз йўқ. Ҳудуддаги учта божхона омборига ҳеч қандай талафот етмаган”, дейди Бахтиёр Зайнуддинов.
“Қурувчилар” даҳасида содир бўлган портлаш оқибатида жабрланганларнинг умумий сони 163 нафарни ташкил этмоқда.
QALAMPIR.UZ “Inter Logistics” МЧЖ ҳудудида тунги навбатчиликда ишлаган қоровулларнинг аҳволи билан қизиқди.
“Бизда қўриқлаш хизмати умумий. Тижорат ва божхона омборлари умумий шаклда қўриқланади. Ҳолат содир бўлган тунда навбатчиликда уч ёки тўрт нафар йигит бўлган. Уларга ҳеч нарса қилмаган. Барча божхона омборларини кузатиш мумкин. Барча маълумотлар очиқ берилмоқда ва ҳеч нарса яширилгани йўқ. Йигитларнинг аҳволи яхши, уларнинг ҳаммаси ишини давом эттирмоқда”, дейди бўлим бошлиғи.
Ўзбекистонга олиб келиниб, ҳали "растаможка"дан ўтмаган автомобиллар сақланадиган Божхона омбори 4,5 минг кв метрни ташкил этади. Афсуски, портлаш содир бўлганида шикастланган автомобиллар ҳам йўқ эмас. Воқеадан сўнг ҳар бир автомобиль хатловдан ўтказилиб, шикастланганларига алоҳида белгилар қўйилган.
Портлаш нимадан келиб чиққани, ёнғинда қанча мол-мулк зарар кўргани ва бошқа саволларга жавоб олишнинг имкони бўлмади. Ҳозирда ҳолат юзасидан ИИВ Тергов департаменти томонидан Жиноят кодексининг 259-моддаси (ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 2-қисми “а” ва ”б” бандлари билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари натижасига кўра, батафсил маълумотлар тақдим этилади. QALAMPIR.UZ бу мавзуга яна қайтади.
QALAMPIR.UZ'нинг воқеа жойидан тайёрлаган репортажларини YouTube саҳифасида томоша қилишингиз мумкин.
LiveБарчаси