Сергелидаги даҳшатли портлаш айбдорларига ҳукм ўқилди
3-саҳифа
−
11 Октябрь
2307016 ёшли ўсмирнинг ўлимига сабаб бўлган, 163 нафар одам жароҳатланган Сергелидаги портлаш бўйича суд иши якунланди ва судланувчиларга ҳукм ўқилди. Бу ҳақда суд залидан QALAMPIR.UZ мухбири хабар берди.
Бугун, 11 октябрь куни жиноят ишлари бўйича Миробод туман суди биносида бўлиб ўтган суд мажлисида тўрт нафар судланувчи С.Ф., А.Ф., Б.С. ва Н.К. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 259-моддаси (Ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 2-қисми “а” ва “б” бандлари билан айбли деб топилди ва уларга шу модда билан икки йил раҳбарлик ва ёнғин хавфсизлиги юклатилган вазифаларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этилиб, 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазо манзил-колонияда ўтаттирилиши белгиланди ва жазо муддати 2023 йил 29 сентябрдан бошлаб ҳисобланиши айтилди. Уларга нисбатан қўлланилган “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси аслича қолдирилди.
Шунингдек, фуқаровий даъвогарлар ва жиноят ишида жабрланувчилар деб эътироф этилган “S.S.” МЧЖ, “A-O” МЧЖ, “A.S.” МЧЖларнинг судга киритган даъво аризалари қаноатлантирилди.
Суд ҳужжатида жабрланувчи ва фуқаровий даъвогарларга судланувчи С.Ф., А.Ф., Б.С., Н.К., ва фуқаровий жавобгарлар “Interlogistics” МЧЖ ҚК, “Polychem” МЧЖ солидар тартибда ундирилиши белгиланган.
Ҳукм устидан апелляция шикояти ва протестлари ҳукм эълон қилинган кундан эътиборан ўн сутка ичида, судланувчи ва жабрланувчи томонидан эса уларга ҳукмнинг кўчирма нусхаси топширилган кундан эътиборан шу муддат ичида ҳукм чиқарган суд орқали Тошкент шаҳар судига, ҳукм қонуний кучга киргандан сўнг эса, кассация тартибида берилиши мумкинлиги билдирилди.
Сергелидаги портлаш
Ўтган йилнинг 28 сентябрь куни тунда Тошкент шаҳри Сергели туманидаги "Қурувчилар" даҳасида "Inter Logistics" МЧЖга қарашли омборхонада кучли портлаш содир бўлди. Оқибатда ҳудуддаги 26 та кўп қаватли уйнинг 592 та хонадони ҳамда 8 та хизмат кўрсатиш шохобчаси, 1 та мактаб ва 2 та МТТ биноларининг фасад қисми ҳамда дераза-ромларига зарар етди.
Шунингдек, портлашда 163 нафар фуқаро жабрланди ва ҳодиса оқибатида 2006 йилда туғилган бир нафар ўсмир воқеа жойида вафот этди.
Фавқулодда ҳолат оқибатларини бартараф этишга Миллий гвардия отрядлари жалб этилди ва воқеа жойига Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умурзоқов ва Бош вазир Абдулла Арипов етиб бориб, ҳолатни назоратга олди. Шаҳар ҳокимининг маълум қилишича, етказилган моддий зарар қоплаб берилади.
Омборхонада содир бўлган портлашдан сўнг Ҳукумат қарори билан 4 киши қамоққа олинди. Маълум қилинишича, ҳолат юзасидан Ички ишлар вазирлиги Тергов департаменти томонидан Жиноят кодексининг 259-моддаси 2-қисми “а” ва “б” бандлари билан жиноят иши қўзғатилган.
LiveБарчаси