Сергелидаги фожиада вафот этган бола ҳақида дастлабки маълумотлар аниқланди
Жамият
−
28 Сентябрь 2023
40563Аввалроқ, пойтахт Тошкентнинг Сергели туманида содир бўлган портлашда 17 яшар бола қурбон бўлгани ҳақида хабар берган эдик. QALAMPIR.UZ манбаси берган маълумотларга кўра, у тумандаги 305-мактабнинг 11-синф ўқувчиси Аброрхўжа Аббосхўжаев бўлган.
Бола портлаш содир бўлган вақтда ўз уйида, хонанинг деразага яқин қисмида ухлаётган бўлган. Кучли зарбдан хона ичига қулаган ром ойнаси боланинг бўйнини кесиб юборган. Бола воқеа жойида вафот этган ва шифохонага тириклик аломатлари бўлмаган ҳолда олиб келинган.
Ҳозирда марҳумнинг уйида портлашдан кейинги чора-тадбирлар амалга оширилаётгани учун унинг тобути холасининг уйидан кўтарилгани айтилмоқда. Жаноза бугун пешин намозидан кейин ўқилган.
Эслатиб ўтамиз, Сергелидаги ҳодиса оқибатида жабрланганларнинг умумий сони 163 нафарни ташкил этмоқда. Шундан жами 24 нафари Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази ва унинг Тошкент вилояти филиали, Тошкент шаҳар тез тиббий ёрдам шифохонаси, 1-сонли Республика ва 1-сонли шаҳар клиник шифохоналари ҳамда 1-сонли шаҳар туғуруқхонасига ётқизилган.
Қолган 138 нафар жабрланган аҳоли вакилининг саломатлиги яхши бўлганлиги учун амбулатор тиббий ёрдами кўрсатилиб, уйига жавоб берилган.
LiveБарчаси