Сооронбай Жээнбеков энди нима иш қилиши маълум бўлди

Олам

image

Қирғизистон Республикаси Президенти лавозимидан истеъфога чиққан Сооронбай Жээнбеков оиласига кўпроқ вақт ажратишни режалаштирмоқда ва келажакда ижтимоий фаолият билан шуғулланади. Бу ҳақда 24.kg нашрига унинг Матбуот котиби Толгонай Стамалиева сўзлаб берди. 

"Сооронбай Шарипович Жээнбеков яқин келажакда ўз оиласи ва яқинларига вақт ажратишни режалаштирмоқда. Келажакда собиқ давлат раҳбари жамоат ишлари билан шуғулланмоқчи”, дейди Стамалиева.

Унинг сўзларига кўра, собиқ Президент "ўз тажрибасидан халқ манфаати учун фойдаланишни" ҳам мақсад қилган. 

Жээнбеков кеча, 15 октябрь куни Қирғизистон Президенти лавозимидан кетишини эълон қилди. Қонунга кўра, парламент спикери Канат Исаев давлат раҳбари вазифасини бажариши керак эди, аммо у буни рад этди ва ваколатлар Президент вазифасини бажарувчи бўлган Бош вазир Садир Жапаровга топширилди. Исаев айтганидек, собиқ президент республиканинг собиқ раҳбари мақоми туфайли имтиёзларни сақлаб қолади.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 4 октябрь куни Қирғизистонда навбатдаги парламент сайловлари бўлиб ўтди. Сайловнинг дастлабки натижасидан норози партиялар тарафдорлари Бишкекда норозилик намойишини бошлади. Кейинроқ намойиш тартибсизликка айланиб кетди. 

Намойишчилар аввало мамлакат парламенти биноси – Оқ уйни эгаллади. Бу бинода Президент Администрацияси ҳам жойлашган. 6 октябрь эрталаб Ҳукумат биноси ҳам намойишчилар қўлига ўтгани маълум бўлди.

Бундан ташқари, акция иштирокчилари Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси биносига бостириб кириб, у ерда сақланаётган собиқ Президент Алмазбек Атамбоевни озод қилди. Шунингдек, сиёсий маҳбуслардан собиқ Бош вазир Сапар Исаков ҳам қамоқдан чиқарилди. Озод қилинганлар орасида Бишкек шаҳрининг собиқ мэри Албек Ибраимов ҳам бор.

Намойишлар авж олган паллада Марказий сайлов комиссияси сайлов натижаларини тан олмаслик ҳақида қарор қабул қилди.

Бу орада Жўқорғу Кенеш спикери Дастан Жумабеков ва мамлакат Бош вазири Кубатбек Боронов истеъфога чиқди. Кейинроқ парламентга Канат Исаев спикер этиб сайланди. Садир Жапаров эса Бош вазир бўлди


Мақола муаллифи

Теглар

Сооронбай Жээнбеков Қирғизистондаги вазият

Баҳолаганлар

1407

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг